Тақдимотда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳолати таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, 2024 йилда 47 мингдан зиёд маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, 2025 йилда улар сони 59 мингдан ошган. Амалдаги тартибда жарималар миқдори етказилган экологик зарарга мутаносиб эмаслиги сабабли баъзи корхоналар учун ҳуқуқбузарликни бартараф этишдан кўра, жарима тўлаб, фаолиятни давом эттириш қулайроқ бўлиб қолмоқда.

Шу боис, юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қайта кўриб чиқиш, уларни табиатга етказилган зарар миқдорига боғлаш ва халқаро амалиётга яқинлаштириш таклиф этилди. Жумладан, дарё ўзанларидан норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш, сув ресурсларини ифлослантириш, дарахт ва буталарни ғайриқонуний кесиш, атмосфера ҳавосига белгиланган меъёрдан ортиқ ташламалар чиқариш, қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишига йўл қўйиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларда ёқиш каби ҳолатлар учун таъсирчан молиявий чоралар жорий этиш кўзда тутилган.

Бу жараёнда маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарар учун компенсация тўловини ягона молиявий санкцияга бирлаштириб, корхона айбини тан олган ҳолатларда уни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан қўллаш, низоли ҳолатларда эса масалани суд тартибида кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартибини жорий қилиш таклиф этилди. 

Чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги ишлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. 2025 йилда санитар тозалаш хизмати қамрови маҳаллалар кесимида 88 фоизга етди, соҳага махсус техникалар, мотороллерлар ва контейнерлар етказиб берилди, 132 та полигон атрофи кўкаламзорлаштирилди, 47 та полигон фаолияти тўхтатилди.

Жорий йилда санитар тозалаш корхоналарига қўшимча махсус техника ва контейнерлар етказиб бериб, қамровни 90 фоизга етказиш, 18 та полигонни рекультивация қилиш, 2030 йилга бориб, полигонлар сонини 50 фоизга қисқартириш режалаштирилган.

Чиқиндиларни қайта юклаш станцияларини қуриш орқали логистика харажатларини камайтириш, саралаш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш, полигонларга тушадиган юкламани қисқартириш муҳимлиги таъкидланди. 2026 йилда 28 та, 2030 йилгача эса 70 та қайта юклаш станциясини қуриш кўзда тутилган.

Маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларининг бориши тўғрисида ҳам ахборот берилди. Умумий қиймати 933 миллион доллар бўлган 6 та заводни қуриш ишлари Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида амалга оширилмоқда. Бу заводлар ишга тушгач, йилига 3,6 миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланиб, 1,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Кейинги босқичда 633 миллион долларлик яна 5 та завод қуриш билан боғлиқ ишларни бошлашга кўрсатма берилди.