Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Эронда уруш тугаганини айтди — ҳафта дайжести
Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 3 май, якшанба. Америка президенти Доналд Трампнинг айтишича, Эрондаги уруш тугабди. Дунё урушлар тугашини бошқача тасаввур қилади: кимдир мағлуб бўлиб оқ байроқ кўтаради, нариги томоннинг барча шартларига кўниб капитуляция бўлади ёки икки томондан ҳам кучлироқ кимдир келиб урушни тугатади. Лекин уруш дегани мана шундай мужмаллик билан, шунчаки бир давлат парламентига ёзилган хатдаги иқрор билан ҳам тугаши мумкин экан. Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа воқеаларини биргаликда эслаймиз.
Трамп: «Уруш тугади»
Америка президенти Трампнинг айтишича, Эрондаги уруш тугабди. Мистер Трамп бу ҳақда ўз саҳифасида тантанали пост қилиб ёзмади, журналистларни йиғиб уларга ҳам айтмади. Шунчаки ими-жимида Конгрессга ҳисоб бериб ёзган хатида айтди холос. Буни қарангки, Америка қонунчилигига кўра мамлакат президенти бирор давлатга қарши Конгресс рухсатисиз 60 кундан ортиқ урушолмаскан. Қойил, Трампни тўхтатадиган қонунлар ҳалиям бор экан, яшасин Америка қонунчилиги!
Трамп ана шу 60 кунлик муддат тугаши арафасида Конгрессдагиларга хат йўллаб, Эрон билан ҳарбий ҳаракатлар аллақачон тугагани ҳақида ҳисобот берибди. Бу ҳақда хат билан танишган Reuters журналистлари ёзиб чиқишди.
Хат мазмунидан яна бир нарса расман аён бўлади: Трамп дўсти Нетаняҳу билан бирга Эронга қарши уруш очиш учун америкалик сайловчиларнинг қонуний вакили — Конгрессдан рухсат олмаган. Энг қизиғи, мистер Трамп низо ҳамон бартараф этилмагани, «Эрон ҳалигача Америка учун таҳдид бўлиб турганини» тан олган.
Бу хатда жуда жиддий гаплар айтилган, уларнинг мазмунига эътибор беринг. Доналд Трамп Конгрессдан, яъни америкаликлардан сўрамай Эронга қарши уруш очган. Бу ҳақда ҳеч қаерда эълон қилинмаган бир вақтда Америка ва Эрон ўртасида уруш тугаган. Ва феврал охирида бошланиб жуда интенсив кўриниш олган бомбалашлардан кейин ҳам низо бартараф этилмаган ва Эрон ҳамон Америка учун хавф бўлиб турган экан! Унда «яксон этилган Эрон», бойитилган уран Америкага берилиши ҳақида гаплар қаёқда қолди?
Урушдан мақсад Эронда тузумни ўзгартириш эди, тўғри, Хоминаий ўлди, лекин мамлакатни яна диний раҳбар бошқармоқда ва у Америкага дўст бўлиб қолгани йўқ. Мана, сизга унинг энг охирги гапини ўқиб бераман: «Америкаликларнинг Форс кўрфазидаги жойи — унинг энг тубида».
Эронликлар Америка ҳар қанча кучли бўлмасин, барибир минг йиллик стратегик тажрибага эга. Улар душманларини жуда яхши билишади, уларнинг қонунчилигини ҳам, эронликлар разведкаси ҳам ёмон ишламайди. Агар улар мана шу 60 кунлик муддат тугагунга қадар атайин музокараларни чўзиб турган бўлишса, мақсадларига эришишди. Ҳозир Доналд Трамп жуда ноқулай аҳволда қолди.
Трамп ва Путин суҳбати
Ҳафта давомида АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилди. Унда айтарли жиддий гаплар бўлмаган. Томонлар асосан Эрондаги урушни муҳокама қилган. Трампга кўра, Путин Эронни уранни топширишга кўндира олса, уранни бойитиш жараёнида иштирок этишни сўрабди. Америка президенти эса унга «яхшиси Украинадаги урушни тугатиш билан шуғулланишни» тавсия қилибди. Кейин Трамп суҳбатдошига урушда қисқа муддатли сулҳ бўйича келишишни таклиф қилибди, Путин эса 9 май арафасида сулҳ таклиф қилибди.
Британия қироли Америкада
Ҳафта давомида Британия қироли Чарлз III расмий ташриф билан Америкага борди. Инглиз монархининг Вашингтонга ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқлашган даврга тўғри келди. Доналд Трамп иккинчи муддатида деярли барча Европа давлатлари билан совуқ муносабатда бўлмоқда. Аввало кўҳна қитъа ва Трамп ўртасида келишмовчилик Украинадаги уруш масаласида бўлди, Трамп Киевни қўлламаслигини айтди, Украина гўёки «Россия таъсир доирасидаги давлат эканини» таъкидлади. Кейин Данияга тегишли Гренландия оролини босиб олиш билан таҳдид қилди. Ва Эрондаги урушда ёрдам бермагани учун НАТО давлатларидан норози бўлди. Трамп даврида Европа ва Америка ўртасидаги муносабат шунчалик ёмонлашдики, НАТО парчаланиш ёқасига келиб қолди.
Қирол Чарлз III Америкага икки давлат муносабатларини бироз юмшатиш учун борди. Уни Вашингтонда жуда илиқ кутиб олишди. Оқ уйдаги зиёфатда қирол сиёсий ҳазиллар қилиб америкаликларга тарихий эслатмалар берди.
Исроил Ливанни текисламоқда
Американинг CNN нашри Airbus томонидан тақдим этилган сунъий йўлдош кадрларини таҳлил қилиб, Исроил Ливан жанубида худди Ғазодаги сценарийни қўллаяпти деган хулосага келди. Аввалига авиазарбалар билан бинолар йўқ қилинади, одамлар қочиб кетишга мажбур бўлади, қолганини қуруқлик операция доирасида амалга ошириб, танклар ва оғир артиллерия ёрдамида ҳудудни текислашади.
Ҳозир Ливан жанубида худди шундай ишлар кетмоқда. Америкада тантана билан Исроил ва Ливан ўт очишни тўхтатишга келишди дейишганди, лекин Америка қўлловидаги Исроил Ливан жанубини текислашда давом этмоқда. Афтидан, бу ерлар «Ҳизбуллоҳ» таъсирида бўлгани учун ҳудуд Исроил томонидан текислаб ташланаётгани Ливан ҳукуматини қизиқтирмаётган кўринади.
Ғазода сайлов
Исроил кулини кўкка совурган Фаластиннинг Ғазо бўлгасида 20 йил ичида илк марта сайлов бўлди. Сайлов Ғазонинг фақат Дайр ал-Балоҳ шаҳрида ўтказилди. Маҳаллий кенгаш учун ўтказилган сайловда 15 ўриннинг 6 тасини Маҳмуд Аббос етакчилигидаги ФАТҲ партияси вакиллари қўлга киритди. Қолган ўринларни мустақил номзодлар ютиб кетди. ҲАМАС сайловга бойкот қилиб, унда ўз номзодларини кўрсатмади.
Сайловда номзодини кўрсатмоқчи бўлганлар Фаластин миллий мухториятини, жумладан Исроил давлатини тан олиши, қуроллардан воз кечиши керак эди. Шу сабаб унда ҲАМАС вакиллари иштирок этмади, чунки ҳаракат ҳали қуролларни ташлагани йўқ. Бундан ташқари, ҲАМАС Исроил давлатини тан олмайди, унинг барча ҳудудлари Фаластинга тегишли деб ҳисоблайди. Сайловда номзод кўрсатмаган бўлса-да, ҲАМАС ундаги хавфсизликни таъминлашда иштирок этиб, сайловни яхши қадам деб баҳолади.
ФАТҲ сайловда ғалаба қозонган бўлса-да, Ғазо устидан назорат ўрната олмаслиги табиий, бўлга тўлалигича ҲАМАС назоратида, келажакда ҳам шундай бўлиб қолиш эҳтимоли юқори. Чунки Исроил ва АҚШ ҳамон гуруҳни қуролларни ташлашга мажбур қилолмаяпти. Бу эса ҳаракат ҳамон бўлга даражасида кучли бўлиб қолишини таъминлайди.
Малида уруш
Бешинчи йилки қўшниси Украинанинг ерларини эгаллаб ололмаётган Россиянинг Африкадаги ишлари ҳам яхши эмас. Россия бу қитъадаги давлатларда, айниқса олтин ва олмосга бой ўлкаларда ҳарбий таъсир доирасини ошириш учун жиддий компания олиб боради. «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин бу тизим марказидаги асосий фигура эди. Африкадаги олтин ва олмосга бой давлатларда ҳарбий таъсирни ошириш учун Россия мудофаа вазирлиги қошида бутун бошли «Африка корпуси» деган кўнгилли ҳарбий тузилма ташкил этилган. Бу корпус вакиллари Малида ҳам фаол эди. Улар ҳукумат армияси томонда эди. Ҳафта давомида Россия Малида бўлишининг энг ашаддий тарафдори мудофаа вазири Садио Камара исёнчилар томонидан ўлдирилди.
Ҳукумат кучларига қарши урушда «Азавадни озод қилиш фронти» гуруҳи ҳамда «Ислом ва мусулмонларни қўллаш гуруҳи» деган исёнчи гуруҳлар қатнашмоқда. Бу гуруҳ номини чўзиб айтиб ўтириш шарт эмас, қисқаси, улар «Ал Қоида»нинг Малидаги бўлинмаси.
Исёнчилар Кидал деган стратегик муҳим шаҳардан Россия қўлловидаги ҳукумат кучларини сиқиб чиқаришди. Исёнчилар пойтахт Бамакони олишгани йўқ, лекин Кидалнинг олиниши ҳам катта воқеа, чунки русларнинг Африка корпуси айнан шу шаҳарнинг ҳукумат кучлари билан олинишини энг катта ютуғи деб ҳисобларди. Улар шаҳарни деярли жангсиз ташлаб чиқишган. Биз Малидаги воқеаларга алоҳида тўхталамиз.
Ҳафта иқтибоси
Бу галги ҳафта иқтибоси Словакия бош вазири Роберт Фицога тегишли бўлди. Сиёсатчи дунё энергетикаси бир одамнинг кайфиятига боғлиқ экани ҳақида ажойиб ўхшатиш қилди: «Биз нефт нархи Трамп қандай ухлаганига боғлиқ бўлган даврда яшаяпмиз. У яхши ухлаб турса, нефт нархи тушади. Мабодо ёмон ухлаб, қандайдир баёнот берса, нарх кўтарилади».
Ҳафта суратлари
Сўзимизни ҳафта суратлари билан якунлаймиз. Биринчи сурат Вашингтонда олинган. Унда Америка Махфий хизмати зобитлари пойтахт Вашингтондаги Hilton меҳмонхонасида Доналд Трампга суиқасд қилинганидан кейин хавфсизликни таъминлаш билан шуғулланишмоқда.

Доимгидек махфий хизматда аёл офицерлар фаол. Эсингизда бўлса, Трампни Пенсилванияда отишганда ҳам уни эвакуация қилишда аёл агент фаол бўлганди. Яшасин аёл агентлар!
Иккинчи сурат Норвегияда олинган. Оқ айиқ эриб бораётган музликдан туриб унга қараётган одамларга тикилиб турибди.

Инсон ҳозир урушлар, босқинлар билан банд, лекин ҳақиқий муаммо сояда қолмоқда. Дунё музликлари рекорд тезликда эриб битмоқда, яқинда дунёдаги энг катта айсберг ҳам парчаланиб кетди. Бу кетишда инсон тасаввур қилиш қийин бўлган экологик муаммолар билан тўқнаш келиши табиий...
Мавзуга оид
20:08 / 26.04.2026
Трамп сулҳни чўзди, Мишари Рашид можаро марказида – ҳафта дайжести
14:40 / 12.04.2026
Космик кемалар коинотни забт этаётганда подшоҳлар уруш билан банд — ҳафта дайжести
21:56 / 06.04.2026
Инсоният яна Ойга учди – ҳафта дайжести
15:42 / 29.03.2026