Ўзбекистон | 20:43 / 05.05.2026
854
4 дақиқада ўқилади

2030 йилгача чарм-пойабзал саноатида 12 триллион сўмлик марра белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев 5 май куни чарм-пойабзал саноатида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар юзасидан тақдимот билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда қайд этилишича, жорий йил биринчи чорагида чарм саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 962 миллиард сўмни ташкил этиб, ўсиш 25 фоиздан ошди. 2030 йилга қадар чарм-пойабзал саноатида ишлаб чиқариш ҳажмини 12 триллион сўмга, экспортни 500 миллион долларга етказиш, 12 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, соҳада ишга солинмаган имкониятлар кўплиги кўрсатиб ўтилди. Республикада катта ҳажмда тери ва жун хомашёси ҳосил бўлса-да, уларни чуқур қайта ишлаш даражаси пастлигича қолмоқда. Хусусан, қўй ва эчки терисини қайта ишлаш даражаси 30 фоиз атрофида. Йилига тайёрланадиган 40 минг тонна жун хомашёсининг эса атиги 6 минг тоннаси, яъни 15 фоизи қайта ишланмоқда.

Тақдимотда корхоналар қувватидан самарали фойдаланиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулот улушини ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Жумладан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ва Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида чарм-пойабзал саноатига ихтисослашган саноат зоналарини ташкил этиш режалаштирилган. Бу зоналарда ишлаб чиқариш бинолари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, логистика, дизайн ва малака ошириш марказлари барпо этилади. Саноат зоналари бошқаруви Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ҳузурида ташкил этиладиган махсус дирекцияга юклатилади.

Оҳангаронда терини қайта ишлаш корхоналари учун экологик талабларга жавоб берадиган замонавий саноат зонаси ташкил этилади. Республикадаги 32 та терини қайта ишлаш корхонасида сув тозалаш иншоотларининг 70 фоизи эскирган, ягона марказлашган тизим мавжуд эмас. Шу боис, янги зонада марказлашган сув тозалаш иншооти қурилиб, кунига 8 минг куб метргача тозаланган сувни технологик жараёнларда қайта ишлатиш имконияти яратилади.

Хомашё базасини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қўшни давлатлардан мол терисини марказлашган ҳолда импорт қилиш, бу жараёнда тадбиркорларга “ягона дарча” тамойили асосида кўмаклашиш, транспорт харажатларини компенсация қилиш ва қайта ишловчи корхоналарни айланма маблағ билан таъминлаш таклиф этилди.

Майда шохли мол териларини йиғиш ва бирламчи қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланди. Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида терини йиғиш ва бирламчи ишлов бериш пунктларини ташкил этиш, қайта ишлаш корхоналарини рағбатлантириш чоралари кўриб чиқилди.

Жун хомашёсини қайта ишлашни кенгайтириш бўйича Сирдарё вилоятида янги комплекс ташкил этиш таклиф қилинди. Унинг қуввати 30 минг тонна жунни қайта ишлашга мўлжалланади. Лойиҳа ишга тушса, хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш занжири шаклланиб, қўшилган қиймат бир неча баробарга ошади, экспорт ва иш ўринлари кўпаяди.

Пойабзал, шу жумладан, махсус пойабзал ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, бу борада хорижий ҳамкорлар билан кооперация ва қўшма лойиҳаларни кўпайтириш режалари кўриб чиқилди.

Тақдимотда сунъий чарм ишлаб чиқаришни кенгайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Жаҳон бозорида йирик брендлар экологик талаблар, нарх ва технологик қулайликлар нуқтаи назаридан сунъий чармдан фойдаланишни кенгайтирмоқда.

Мамлакатимизда мазкур йўналишда 7 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Улар натижасида 50 миллион погон метр маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилиб, ички талабнинг катта қисми қопланади, экспорт ошади.

Давлатимиз раҳбари соҳага берилган имтиёзлар ўз-ўзидан натижа бермаслигини, ҳар бир корхона, лойиҳа ва бозор бўйича аниқ ҳисоб-китоб ва амалий ҳаракат зарурлигини таъкидлади.

Мутасаддилар ва ҳудудлар раҳбарларига корхоналарни молиявий соғломлаштириш, қувватлардан тўлиқ фойдаланиш, импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, халқаро сертификатлар олишда тадбиркорларга кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид