Бу ҳикоя ўнлаб йиллар давомида номаълумлик тамғаси ва нацистлар ёқиб юборган архивлар куллари остида қолиб кетган. Бу инсонлар 1945 йил 5 майгача жисман етиб кела олмадилар, бироқ уларнинг руҳий қудрати 1941 йилнинг ўзидаёқ Учинчи рейх машинаси устидан буюк ғалабага эришганди.

Фожиа миқёси ва хотира қадрини тўла англаш учун Иккинчи жаҳон уруши давридаги Нидерландияга қайтиш даркор. 1940 йил 10 май куни нацистлар Германияси нейтрал Ҳолландияга бостириб кирди. Бир неча кундан сўнг мамлакат таслим бўлди. Нидерландия беш йилдан сўнг, 1945 йил 5 май куни фашистлар босқинидан озод бўлди.

Шу куни Нидерландия ерларидаги қамоқхона ва концлагерлар дарвозалари очилди. Шундай даҳшатли масканлардан бири Амерсфорт концлагери (Kamp Amersfoort) эди. Айнан мана шу лагер ва мамлакатнинг озод бўлиши нацистларнинг энг шармандали мафкуравий мағлубияти изларини йўқ қилиш режасини барбод қилди.

1941 йил кузида, Смоленск жанги вақтида “қизил армиячилар” катта йўқотишларга учради. Улар орасида ўзбекистонлик аскарлар ҳам бор эди. Улар охирги ўқлари қолгунча жанг қилишди. Ўқ-дорисиз, ёрдамсиз қолган аскарлар охир-оқибат қуршовда қолиб, асир олинишди.
 

MUSEUM FLEHITE

Немислар “Самарқанд эшелони” деб аталган (улар орасида ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқирдлар бўлган) минглаб асирлар ичидан ташқи кўриниши алоҳида ажралиб турувчи 101 кишини танлаб олди.

Учинчи рейхнинг бош тарғиботчиси Йозеф Геббелснинг миясида чиркин ва ғайринсоний режа пайдо бўлди. Босиб олинган Нидерландияда қаршилик ҳаракати кучайиб бораётган, нацистлар “биродар халқ” деб ҳисоблаган ҳолландлар СС сафига кириш ва Ҳитлерни қўллаб-қувватлашга шошишмаётганди.

Геббелс 101 нафар ўзбек аскарини Амерсфорт концлагерига олиб келишни буюрди. Унинг мақсади оддий ва даҳшатли эди: азобланган бу одамларни ҳолландларга намойиш қилиш, уларни Untermenschen (чала одамлар), "ёввойи осиёликлар галаси" сифатида кўрсатиш, нидерландияликларга "Кимларга қарши урушаётганимизни кўриб қўйинглар! Агар бизга қўшилмасангиз, бу ёввойилар Европани эгаллаб олишади", дейиш эди.

1941 йил 27 сентябрда Амерсфорт вокзалига поезд келди. Гувоҳлар, жумладан, Ҳенк Брукҳаузен шундай хотирлайди: жулдур кийимдаги одамлар шаҳар кўчалари бўйлаб олиб юрилган. Улар шу даражада ҳолсиз эдики, оёқларида базўр туришарди. Йўлда йиқилиб қолганларни шериклари опичлаб олиб кетишарди.