Спорт | 19:23
702
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон чемпионати – биз учун тажриба, Осиё Кубогида натижа учун курашамиз – Каннаваро

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро матбуот анжуманида иштирок этиб, жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёни ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Фото: ЎФА

Италиялик мутахассис йиғинга чақирилган футболчилар, назорат ўйинлари, ўртоқлик ўйинлари, жаҳон чемпионатидаги мақсад ва Осиё Кубоги ҳақидаги фикрларини айтди.

«Жаҳон чемпионатига жиддий тарзда тайёргарлик кўряпмиз ва жуда қаттиқ ишлаяпмиз. Барчамиз мундиалга боришни интиқлик билан кутяпмиз. Мураббий этиб тайинланганимдан кейин мураббийлар штаби билан биргаликда барча футболчиларни кузатиб бордик. Кимдир миллий жамоага чақирилмаган бўлса, демак у ўз ўйини билан ҳали мени етарлича ишонтира олмаган. Миллий жамоага жалб этишда футболчиларнинг ёшига эътибор бермадим. Ўзини кўрсатган, муносиб бўлган футболчиларни чақирдим.

Ўтган ҳафта йиғинни бошладик ва назорат ўйинида иштирок этдик («Сурхон» - 4:0). Ҳозир жамоанинг жисмоний ҳолатини яхшилаш устида ишлаяпмиз. Барча футболчилар бор кучи билан меҳнат қилмоқда. Мақсад — жамоанинг жисмоний тайёргарлигини янада кучайтириш.

Ўртоқлик ўйинлари (Канада – 1 июнь, Нидерландия – 8 июнь) учун имкон қадар кучли ва рақобатбардош рақибларни танлашга ҳаракат қилдик. Бунда мураббийлар штаби билан мунтазам мулоқот олиб бориб, мавжуд маълумотлар ва таҳлиллар асосида биз учун энг фойдали бўладиган терма жамоаларни сараб чиқдик.

Канада — мусобақа мезбони сифатида юқори даражадаги футбол муҳити ва ажойиб атмосфера яратиши шубҳасиз. Бу эса футболчиларимиз учун муҳим тажриба бўлади. Нидерландия эса Европанинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Уларнинг ўйин услуби ва тактик ёндашуви маълум жиҳатлари билан Португалия терма жамоасига ўхшаш. Ишонаманки, бу ўйинлар орқали жамоамиз ўзи учун муҳим хулосаларга эга бўлади, футболчиларимиз эса юқори савиядаги ўйинларда тажриба орттиришда давом этади.

Жамоа сафига чақирилган футболчиларни танлашда ўзим муносиб деб ҳисоблаган номзодларга таяниб иш юритдим. Масалан, Жалолиддин Машарипов катта тажрибага эга. Агар у оптимал спорт формасига чиқса, жаҳон чемпионатида катта фойда келтириши мумкин.

Аббос Файзуллаев кеча («Истанбул Бошоқшеҳир» таркибида) гол урди. Шунингдек, у меҳнаткашлиги ва жанговар характери билан ҳам ажралиб туради. Шунингдек, Абдуқодир Ҳусанов ва Элдор Шомуродов ҳозир яхши ҳолатда.

Баъзи футболчилар жароҳат ёки ўйин амалиёти етишмаслиги сабаб оптимал формада эмас, аммо ҳали вақт бор ва улар тез орада тикланишига ишонамиз.

Энг муҳими — бу биз учун илк жаҳон чемпионати. Шунинг учун футболчиларга ортиқча босим эмас, аксинча, ўйиндан завқ олиш руҳини беришимиз керак. Мен жамоанинг бор кучи билан халқ учун муносиб иштирок этишига ишонаман.

Январь ойида бўлиб ўтадиган Осиё Кубогидаги гуруҳимиз жуда қизиқарли ва кучли рақиблардан иборат (Баҳрайн, Иордания, КХДР). Ҳар бир ўйин биз учун жиддий синов бўлиб, максимал эътибор ва тайёргарликни талаб қилади.

Менинг асосий амбицияларимдан бири — Осиё Кубогини ютиш. Биз бу мақсад йўлида бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Жаҳон чемпионати биз учун тажриба майдони бўлса, Осиё Кубогида натижа учун курашамиз».

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид