Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп ва Си учрашувининг биринчи куни
14 май куни АҚШ президенти Доналд Трамп ва Хитой етакчиси Си Жинпинг Пекинда музокараларни бошлади. Музокараларнинг илк куни дабдабали маросимлар, савдо ҳамда баҳсли масалаларга дахлдор бўлган учрашувлар билан ўтди.
Учрашув вақтида Хитой божхона бошқармаси Американинг бир неча юзлаб кушхоналарига Хитойга мол гўшти экспорт қилиш учун лицензияларни тасдиқлади. Трамп ўзининг дастлабки божларини жорий қилганидан сўнг Хитой ушбу лицензияларнинг муддатини тугатганди.
Шу билан бирга, умумий савдо муносабатлари ноаниқлигича қолмоқда. Аммо Америка бизнес делегацияси аъзолари биринчи учрашувдан сўнг хушкайфиятда кўринди. Нималарга эришилгани ҳақидаги саволга Илон Маск «Кўплаб яхши нарсаларга», деб жавоб берди.
Си ёпиқ музокаралар чоғида Трампни – Тайван ороли бўйича келишмовчиликлар, агар нотўғри ҳал қилинса, дунёнинг ҳукмрон кучларини «тўқнашувлар ва ҳатто можаролар» сари етаклаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Аммо давлат котиби Марко Рубио АҚШнинг Тайванга нисбатан сиёсати «ўзгармас» эканини айтди.
Трампнинг ўзи Fox Newsʼга берган интервюсида Си урушни ҳал қилишда шахсан ёрдам таклиф қилганини айтди. «У Ҳўрмуз бўғози очилишини хоҳлайди», - деди Трамп. «У агар бирор-бир ёрдамим тегса, ёрдам беришни хоҳлар эдим, деб айтди». Аммо Хитойнинг Эрон билан стратегик шериклигини ҳисобга олсак, бу нима англатиши тушунарсиз қолмоқда.
Шунингдек, Си АҚШдан 200 та Boeing самолётини сотиб олиш бўйича мажбурият олишига ишора қилган. Си шахсан ўзи Трампни Пекиндаги машҳур Осмон ибодатхонаси бўйлаб айлантирди, унинг шарафига дабдабали банкет уюштирди.
Трамп Хитой етакчисини 24 сентябрда Вашингтонга таклиф қилди, бугун ҳам учрашувлар давом этмоқда.
Қозоғистонда Туркия дронлари
Қозоғистон ва Туркия ўртасида ANKA учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қўшма корхона ташкил этилади.
Бу ҳақидаги хужжат 14 май куни Остонада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ташрифи чоғида имзоланган.













