Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Украинанинг Москвага энг йирик дрон ҳужуми

17 майга ўтар кечаси Украина Россия пойтахтига сўнгги бир йилдан ортиқ вақт ичидаги энг йирик дрон ҳужумини уюштирди. Оқибатда камида тўрт киши ҳалок бўлди, улардан уч нафари Москва вилоятида, яна бири Белгород вилоятида қайд этилган.

Россия Мудофаа вазирлиги сўнгги 24 соатда мамлакат бўйлаб 1000 дан ортиқ Украина дронлари уриб туширилганини билдирди.

Москванинг ўзида ҳаво мудофааси кучлари юздан ортиқ дрон йўқ қилинганини билдирди. Умуман олганда, якшанба тонги аксар москваликлар учун учиб юрган дронлар ва уларга қарши ишлаётган ПВО овози билан бошланди.

Мэр Сергей Собянин сўзларига кўра, 12 киши жароҳатланган бўлиб, уларнинг аксарияти Москва нефтни қайта ишлаш заводига кириш жойи яқинида бўлган. Гарчи заводнинг «технологик қисми» зарар кўрмагани айтилган бўлса ҳам, тармоқларда даҳшатли ёнғин видеолари тарқалди.

Президент Зеленский жума куни Россиянинг Киевга икки кун давомида уюштирилган энг оғир дрон ва ракета ҳужумидан сўнг қасос олишга ваъда берган эди. Ўшанда Киевда 20 дан ортиқ инсон вафот этганди.

Украина ҳужумини тасдиқлар экан, Зеленский Москвадаги дронлар ва оловни ўчиришга уринаётган гуруҳлар акс этган видеони жойлаштирди. «Россиянинг урушни чўзаётгани ҳамда шаҳарларимизга ҳужумлари туфайли бизнинг жавобларимиз тўлиқ оқланади», деди Зеленский.

Украина Қуролли Кучларига кўра, зарбалардан бири Москва яқинидаги юқори аниқликдаги қурол ишлаб чиқарадиган заводда ёнғин келтириб чиқарган. Шунингдек, Донецк вилоятидаги дронлар парвозини назорат қилувчи қўмондонлик пункти ҳам нишонга олинган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Киевни тинч аҳолини нишонга олишда айблади. «Евровидение қўшиқлари садоси остида, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Киев режими навбатдаги оммавий террорчилик ҳужумини амалга оширди», деди Заҳарова.

Яқин Шарқдаги вазият кескинлашмоқда

Якшанба куни Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари мамлакатдаги атом электр станциясига дрон ҳужуми уюштирилиши натижасида ёнғин чиққанини маълум қилди.