Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ ва Канада шаҳарлари Европага кўчирилса, қаерга тўғри келади?
Янги инфографикада Шимолий Америка шаҳарлари Европа, Осиё ва Африка харитасига худди шу кенгликда жойлаштирилган ҳолда тасвирланди. Унда АҚШ ва Канададаги йирик шаҳарлар Европа шаҳарларига нисбатан анча жанубда жойлашгани кўрсатилган.
Фото: REUTERS
Инфографикани ўрганар экан, АҚШ ва Канададаги кўплаб йирик шаҳарлар географик жиҳатдан Жанубий Европа, Африка ва ҳатто Арабистон яримороли кенгликларига мос келиши маълум бўлади.
Канада кўпинча Европада жуда шимолий мамлакат сифатида қабул қилинади. Бироқ мамлакат пойтахти Оттава географик кенглик бўйича Астрахандан ҳам жанубда жойлашган.
Оттавада ўртача йиллик ҳарорат тахминан +6,5 даража бўлса, Астраханда бу кўрсаткич +9,5 даражани ташкил этади.
Канаданинг шимоли-ғарбий ҳудудлари маркази ҳисобланган Йеллоунайф шаҳри қаттиқ иқлими билан ажралиб туради. Бу ерда ўртача йиллик ҳарорат –4,6 даража. Инфографикада у Норвегиянинг Олесунн шаҳри кенглигига мос келган. Олесуннда эса ўртача йиллик ҳарорат +6,7 даражани ташкил этади.
Кўплаб АҚШ шаҳарлари эса Европа ҳудудидан ташқарига чиқиб кетган. Масалан, АҚШ пойтахти Вашингтон инфографикада Туркия ва Эрон чегарасига “жойлаштирилган”. У кенглик жиҳатидан Эроннинг Бозергон шаҳрига яқин ҳисобланади.
Шу билан бирга, Вашингтонда ўртача йиллик ҳарорат +15,5 даража бўлса, Бозергондa бу кўрсаткич +11,7 даража. Европа шаҳарлари ичида Вашингтонни Лиссабон билан таққослаш мумкин, аммо Португалия пойтахтида иқлим янада илиқ — ўртача +17,5 даража.
Лос-Анжелес ҳам Европадаги шаҳарларнинг аксариятидан жануброқда жойлашган. Инфографика муаллифлари уни Жазоир ҳудудига “кўчирган”. Географик жиҳатдан унга Жазоирнинг Жельфа шаҳри яқин келади.
Бироқ иқлим жиҳатидан Лос-Анжелес анча илиқ: у ерда ўртача йиллик ҳарорат +17,6 даража, Жельфада эса +14,1 даража.
Инфографикада Москва яқинига бирор шаҳар жойлаштирилмаган. Аммо кенглик бўйича Россия пойтахтига нисбатан Канада шаҳри Эдмонтон яқин ҳисобланади. Эдмонтонда ўртача йиллик ҳарорат +3,9 даража бўлса, Москвада бу кўрсаткич +6,3 даражани ташкил этади.