Ўзбекистон | 15:11 / 01.06.2026
1736
2 дақиқада ўқилади

Мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчиларининг ойлиги оширилади

Янги ўқув йилидан бошлаб республикадаги 326 та мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиларининг иш ҳақи умумтаълим мактаблари педагоглари ойлигига тенглаштирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувида маълум қилинди.

Фото: Телеграм / Press_Secretary_Uz

Таъкидланишича, мусиқа ва санъат таълими тизимини янада ривожлантириш, соҳада фаолият юритаётган педагогларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилади.

Янги тартибга кўра, умумтаълим ва мусиқа мактаблари ўқитувчилари иш ҳақига ўқувчиларнинг мусиқа асбобларини қай даражада ижро этишига қараб 20 фоизгача қўшимча устама тўланади.

Шунингдек, янги ўқув йилида камида 1,5 миллион нафар ўқувчини мусиқа ва санъатга жалб қилиш вазифаси қўйилди. Бу мақсадда 326 та мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 29 та ихтисослашган мактаб билан умумтаълим муассасалари ўртасида ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Мусиқа ва санъат мактабларининг ижодий жамоалари умумтаълим мактабларида мунтазам концерт-томоша дастурлари ва маҳорат дарсларини ташкил этади. Шунингдек, ҳар йили театр, чолғу, хор ва рақс йўналишларида туман, вилоят ва республика босқичларида танловлар ўтказилади.

Ушбу танловларда ғолиб бўлган жамоаларнинг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, саҳна декорациялари, либослар ва мусиқа асбоблари харид қилиш учун 500 миллион сўмгача грант ажратилади. Республика босқичи ғолиблари эса маданият ва санъат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиниши белгиланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид