Технология | 08:40
699
3 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллектдан энг кўп фойдаланаётган давлатлар маълум бўлди

Microsoft таҳлилларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида дунё меҳнатга лаёқатли аҳолисининг қарийб 17,8 фоизи сунъий интеллект (СИ) воситаларидан мунтазам фойдаланган. СИни кундалик иш жараёнларига жорий этиш бўйича эса Бирлашган Араб Амирликлари ва Сингапур етакчилик қилмоқда.

Фото: Shutterstock/FOTODOM

Visual Capitalist томонидан эълон қилинган инфографика ва Microsoft маълумотларига кўра, БАА дунёда СИдан фойдаланиш даражаси энг юқори давлатга айланган. Мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 70 фоиздан ортиғи сунъий интеллект воситаларидан фаол фойдаланмоқда.

Иккинчи ўринни 63 фоиз кўрсаткич билан Сингапур эгаллаган.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, СИ соҳасидаги йирик компаниялар асосан АҚШда жойлашганига қарамай, технологиядан амалий фойдаланиш бўйича мамлакат ҳатто биринчи йигирматаликка ҳам кирмаган.

Америкада СИдан мунтазам фойдаланиш даражаси 31,3 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич Норвегия, Ирландия, Франция, Испания ва Нидерландия каби қатор Европа давлатларидан паст.

Мутахассислар бу ҳолатни Европа давлатларида рақамли иқтисодиётнинг яхши ривожлангани, интернет сифати юқори экани ва аҳолининг рақамли хизматлардан фойдаланишга мослашгани билан изоҳламоқда.

Шу билан бирга, кўплаб ривожланаётган давлатлар СИни жорий этишнинг дастлабки босқичида қолмоқда. Бу эса келаси ўн йилликда меҳнат унумдорлиги ва иқтисодий рақобатбардошликка жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган глобал тафовутни кучайтириши айтилмоқда.

Тадқиқотда таъкидланишича, АҚШ сунъий интеллект моделларини яратиш, чиплар ишлаб чиқариш ва венчур сармоялар бўйича ҳали ҳам етакчи ҳисобланади. Бироқ кичик ва юқори рақамлашган давлатлар СИни оддий иш жараёнларига тезроқ жорий қилмоқда.

Microsoft маълумотларига кўра, Осиё ҳозир дунёдаги сунъий интеллект бозори энг тез ўсаётган ҳудудга айланган. Энг юқори ўсиш Жанубий Кореяда қайд этилган — 2025 йилнинг биринчи ярмидан 2026 йил биринчи чорагигача СИдан фойдаланиш 43,2 фоизга ошган.

Шунингдек, Таиландда ўсиш 36,2 фоиз, Японияда 34,1 фоиз ва Мўғулистонда 32,2 фоизни ташкил этган.

Мутахассислар бу ўсишни СИ хизматларининг инглиз тилидан ташқари тилларда ҳам анча самарали ишлай бошлагани ва Осиё давлатларининг рақамли инфратузилмага катта сармоя киритаётгани билан боғламоқда.

Қизиқ жиҳати шундаки, Хитойда СИдан фойдаланиш даражаси ҳозирча нисбатан паст — тахминан 16 фоиз. Бироқ таҳлилчиларга кўра, аҳолиси жуда катта бўлган мамлакатда ҳатто мўътадил ўсиш ҳам юз миллионлаб янги фойдаланувчилар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Экспертлар фикрича, сунъий интеллектнинг кундалик ҳаёт ва иш жараёнларига чуқур кириб бориши келаси ўн йилликда иқтисодий тенгсизликнинг асосий омилларидан бирига айланиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид