Технология | 08:31
808
2 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллект ривожи экология учун қандай оқибатларга олиб келади?

БМТ университети ҳузуридаги Сув ресурслари, атроф-муҳит ва саломатлик институти (UNU-INWEH) олимлари сунъий интеллект инфратузилмасининг экологик таъсири ҳақида огоҳлантирди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб СИ дата-марказлари истеъмол қиладиган сув ҳажми Африкадаги Саҳрои Кабир жанубида яшовчи 1,3 миллиард аҳолининг асосий маиший эҳтиёжларига тенглашиши мумкин.

Фото: AP

Мутахассислар таъкидлашича, сунъий интеллектнинг атроф-муҳитга таъсири кўпинча фақат углерод чиқиндилари орқали баҳоланади. Бироқ бу тўлиқ манзарани акс эттирмайди. Чунки дата-марказларни совитиш ва электр энергияси билан таъминлаш жараёни катта ҳажмда сув сарфланишига олиб келади. Шунингдек, бундай инфратузилмани қуриш учун зарур бўлган объектлар ва таъминот занжирлари катта ер майдонларини ҳам талаб қилади.

Ҳисоботга кўра, 2030 йилга бориб сунъий интеллект дата-марказлари йилига тахминан 945 тераватт-соат электр энергияси истеъмол қилади. Бу Покистон, Бангладеш ва Нигериянинг умумий йиллик электр энергияси истеъмолидан қарийб уч баравар кўпдир. Мазкур уч мамлакат аҳолиси сони эса 650 миллион кишидан ортиқни ташкил этади.

Тадқиқот муаллифлари СИнинг «сув изи»дан ташқари «ер изи» ҳам жуда катта бўлишини таъкидламоқда. Уларнинг баҳолашича, сунъий интеллект инфратузилмаси эгаллайдиган ер майдони 14,5 минг квадрат километрдан ошиб кетиши мумкин. Бу майдон Индонезия пойтахти Жакарта агломерацияси ҳудудидан қарийб икки баравар катта ҳисобланади.

Олимлар экологик муаммоларни ҳал қилиш учун фақат қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтишнинг ўзи етарли эмаслигини ҳам қайд этмоқда. Масалан, кўмирдан биоэнергетикага ўтиш углерод чиқиндиларини тахминан 70 фоизга қисқартириши мумкин. Бироқ бунда сув истеъмоли 30 баравардан кўпроқ, ер ресурсларига бўлган эҳтиёж эса қарийб 100 баравар ортиши мумкин.

Шу муносабат билан ҳисобот муаллифлари «масъулиятли сунъий интеллект экотизими»ни шакллантиришга чақирди. Уларга кўра, СИ технологияларини ривожлантириш ва жорий этишда нафақат углерод чиқиндилари, балки сув ресурслари, ер майдонлари ҳамда ижтимоий оқибатлар ҳам инобатга олиниши лозим.

Мутахассислар фикрича, сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши технологик тараққиёт билан бир қаторда экологик барқарорлик масалаларини ҳам кун тартибига чиқармоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид