Ўзбекистон | 10:15
812
2 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллект янги конларни топиш жараёнини икки баробар тезлаштиради

Ўзбекистонда тоғ-кон саноати ва геология соҳасида сунъий интеллект ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали янги конларни аниқлаш муддатини икки баробар қисқартириш, маҳсулот таннархини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш режалаштирилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев тоғ-кон саноати ва геология тармоғида рақамли ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича тақдимот билан танишди.

Тақдимотда қайд этилишича, 2025 йилда тоғ-кон саноати корхоналари мамлакатда ишлаб чиқарилган жами саноат маҳсулотининг 20 фоизини таъминлаган. Соҳа корхоналарининг бюджетга тушумлари эса 118,5 триллион сўмни ташкил этган.

Таъкидланганидек, сунъий интеллект технологиялари геологик маълумотларни тезкор таҳлил қилиш, қазилма бойликларни прогнозлаш, захираларни аниқ ҳисоблаш ва бурғилаш ишлари самарадорлигини ошириш имконини беради. Шу мақсадда геология-қидирув ишларининг барча босқичларига AI ечимларини жорий қилиш режалаштирилган.

Бугунги кунда соҳада хариталар, қидирув натижалари, бурғилаш маълумотлари, лаборатория таҳлиллари ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари каби катта ҳажмдаги маълумотлар тўпланмоқда. Уларни ягона электрон базага жамлаш ва 3D моделлар орқали таҳлил қилиш янги конларни аниқлаш имкониятларини кенгайтиради.

Ҳисоб-китобларга кўра, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш натижасида маҳсулот таннархини 10 фоизга камайтириш, янги конларни очиш муддатини икки баробар қисқартириш ҳамда инвесторларга тақдим этиладиган таклифлар сонини тўрт баравар ошириш мумкин.

Тақдимотда 2030 йилгача геология ва тоғ-кон саноатига 30 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилиш мақсади белгилангани ҳам таъкидланди. Бунинг учун Геологик маълумотлар миллий базасини яратиш, 36 мингдан ортиқ ҳисобот ва бирламчи маълумотларни рақамлаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, 2026–2030 йилларда геология соҳаси ҳамда олтита йирик саноат корхонасида сунъий интеллект ва рақамли технологияларга асосланган 44 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид