Туризм | 20:26
405
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг Spring Airlines авиакомпанияси Ўзбекистонга парвозларни йўлга қўйиши мумкин

Spring Airlines хусусий лоукостери Хитой ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиши мумкин. Туризм қўмитаси ва авиакомпания раҳбарияти учрашув ўтказди ва бир қатор масалаларни муҳокама қилди.

Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Оққулов Хитойнинг Spring Airlines авиакомпанияси раҳбари Ванг Веи ўртасида учрашув бўлиб ўтди, дея хабар берди қўмита ахборот хизмати.

Фото: Туризм қўмитаси 

Томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги туризм алоқаларини янада кенгайтириш, янги авиа йўналишлар ва транзит имкониятларини ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилган.

2004 йилда ташкил этилган Spring Airlines Хитойнинг илк хусусий лоукостерларидан бири ҳисобланиб, компанияда 10 мингдан ортиқ одам хизмат қилмоқда. Бугунги кунда Авиакомпания Airbus А320 оиласига мансуб 130 дан ортиқ самолётлардан иборат паркка эга ва Хитойнинг ўзида 190 дан ортиқ ички йўналишларда, 50 дан ортиқ халқаро йўналишларда мунтазам қатновларни амалга оширади.

Музокаралар давомида хитойлик сайёҳлар орасида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини фаол тарғиб қилиш бўйича қўшма маркетинг лойиҳаларини амалга ошириш таклиф этилган. Шунингдек, Spring Airlines платформаси орқали Ўзбекистонни корпоратив мижозлар учун янги ва жозибадор сайёҳлик йўналиши сифатида таклиф қилиш режалари ҳам кўриб чиқилган.

“Энг муҳим масалалардан бири сифатида Spring Airlines компаниясининг Ўзбекистонга авиақатновларни ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар келгусида Хитой ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш, шунингдек, туристик оқимни оширишга хизмат қиладиган янги авиа йўналишларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашди”, дейилади қўмита хабарида.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид