Иқтисодиёт | 19:31
462
3 дақиқада ўқилади

Микромолия ташкилотларининг исломий хизматлари ҳажми 8 баробарга ошди

Ўзбекистондаги микромолия ташкилотлари 2026 йилнинг I чорагида 11,2 млрд сўмлик исломий микромолия хизматларини кўрсатди, бу – йиллик нисбатда 8 карра ўсишни кўрсатади. Умумий молиялаштириш ҳажмининг қарийб 70 фоизи муробаҳа битимларига тўғри келмоқда.

Сунъий интеллект яратган сурат

2026 йилнинг I чорагида микромолия ташкилотлари томонидан кўрсатилган исломий молиялаштириш хизматлари ҳажми 11,2 млрд сўмни ташкил этди. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 баробарга кўп, дея маълум қилди Ўзбекистон Марказий банки.

Микромолия ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган исломий молиялаштириш хизматлари таркибида муробаҳа асосий улушни эгаллаб, жами ҳажмнинг 69 фоизини ёки 7,7 млрд сўмни ташкил этди.

Ҳисобот даврида музораба хизматлари ҳажми 2,1 млрд сўм (19 фоиз), исломий ижара хизматлари эса 1,4 млрд сўм (12 фоиз)га тенг бўлган.

Муробаҳа ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 баробарга ошган бўлса, исломий ижара 300 баробарга ўсган.

Screenshot_1

Маълумот учун:

  • Муробаҳа битимида молиявий ташкилот мижоз хоҳлаган товарни сотиб олади ва кейин уни мижозга ўз таннархи ва устига қўшилган фойда миқдорини очиқ кўрсатган ҳолда сотади.

  • Музораба – шерикчиликка асосланган молиялаштириш шакли бўлиб, бир томон капитал беради, иккинчи томон эса меҳнат, билим ва бошқарув билан иштирок этади.

  • Исломий ижара – ислом молиясидаги лизинг ёки ижарага бериш модели бўлиб, унда молиявий ташкилот муайян активни сотиб олади ва уни мижозга маълум ҳақ эвазига фойдаланиш учун беради.

Марказий банк ҳисоботига кўра, 2026 йил I чорагида исломий молиялаштириш хизматларининг асосий қисми 4 та микромолия ташкилоти ҳиссасига тўғри келди:

  • “Apex Moliya” ММТ – 8,4 млрд сўм;

  • “Ael” ММТ" – 2,1 млрд сўм;

  • “Enterprise Finance” ММТ – 670 млн сўм;

  • “Бизнесни ривожлантириш” ташкилоти – 9 млн сўм.

Январ–март ойларида кўрсатилган исломий молиялаштириш хизматларида юридик шахслар улуши 46 фоизни ташкил этиб, улар томонидан жами 5,2 млрд сўмлик хизматлардан фойдаланилди.

Жисмоний шахслар ҳиссасига 2,9 млрд сўм (26 фоиз), якка тартибдаги тадбиркорлар ҳиссасига эса 3,1 млрд сўм (28 фоиз) тўғри келди.

Ҳудудлар кесимида хизматларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, бу ерда жами 10,6 млрд сўмлик исломий молиялаштириш хизматлари кўрсатилди. Бу – жами ҳажмнинг 94 фоизига тенг. Наманган вилоятида эса 670 млн сўмлик хизматлар кўрсатилиб, бу ҳудуднинг улуши 6 фоизни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 27 март куни Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган қонун имзоланди. Қонун 2026 йил 29 июндан кучга киради.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид