Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина яна оммавий ҳужум остида: қурбонлар сони ортмоқда
2 июнга ўтар кечаси Россия Украина шаҳарларига дронлар ва баллистик ракеталар билан оммавий ҳужум уюштирди. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотига кўра, Россия Каспий денгизи томонидан “Калибр” қанотли ракеталарини ҳам учирган.
Фото: AP
Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг маълум қилишича, пойтахтда уч киши ҳалок бўлган, 29 киши тан жароҳати олган. Подольск туманида Россия ракетаcининг парчалари турар жой биноси томига тушиб, ёнғин келиб чиққан ва ойналар синган.
Киев мэри Виталий Кличконинг билдиришича, ҳужум оқибатида 21 киши шифохонага ётқизилган. Шаҳарнинг уч туманида электр таъминотида узилишлар кузатилган.
Днепр шаҳрида Россия ҳужуми натижасида беш киши, жумладан 73 ёшли аёл ҳалок бўлди. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжанинг айтишича, 25 киши яраланган. Зарбалардан бири турар жой мавзеларига тўғри келиб, йирик ёнғин келиб чиққан.
Харкивнинг икки тумани ўққа тутилгани оқибатида олти киши, жумладан 11 ёшли қизалоқ жароҳат олган. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият вакиллари маълум қилди.
Украинанинг турли шаҳарларида маҳаллий ҳокимият вакиллари ракета ва дрон парчаларининг тушиши ҳамда турли объектларга зарба берилгани ҳақида хабар беришда давом этмоқда.
1 июнь куни кечқурун Россия президенти Владимир Путин Луханск вилоятидаги Старобельск шаҳрига берилган зарба урушга “янги сифат” бағишлаганини айтди. Ушбу ҳужум оқибатида маҳаллий коллеж бинолари қисман вайрон бўлган ва маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 21 нафар талаба ҳалок бўлган.
Шу куни кечқурун Украина президенти Володимир Зеленский Россия томонидан мамлакат шаҳарларига қарши янги оммавий ҳужум эҳтимоли борлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
24 майга ўтар кечаси Россия қўшинлари Киев ва Киев вилоятига кенг кўламли зарба берган, унда Россия учинчи марта “Орешник” туридаги ракета қўллагани хабар қилинган. Ўша ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, 80 нафар инсон яраланган эди.