Ўзбекистон | 09:50
1040
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева: Гиёҳвандликка қарши курашда четда туришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

Президент томонидан гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши курашни кучайтиришга қаратилган қонун имзоланди. Бу ҳақда президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилиб, гиёҳвандлик жамият, оилалар ва мамлакат келажаги учун жиддий таҳдид эканини таъкидлади.

Фото: Видеодан кадр

Саида Мирзиёеванинг қайд этишича, янги қонун наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва тарқатилишининг замонавий усулларига қарши самарали чораларни назарда тутади.

Унга кўра, ҳужжатда гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилган, шунингдек, вояга етмаганларни бундай хавфдан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

«Гиёҳвандлик моддалари инсон ҳаёти, оилалар ва болалар саломатлигини барбод қилади. Бу — мамлакат генофонди ҳамда унинг келажагига берилган тўғридан тўғри зарба», — деди Саида Мирзиёева.

Унинг таъкидлашича, мазкур масала шахсий назоратга олинган бўлиб, гиёҳвандликка қарши курашда фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки бутун жамият иштирок этиши лозим.

«Бу курашда четда томошабин бўлиб туришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, жуда кўп нарса ўзимизга — ота-оналарга, мактаб ва маҳаллага ҳамда ён-атрофидаги ҳодисаларга бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонга боғлиқ», — дея қайд этди у.

Мутасаддиларнинг фикрича, янги қонун гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг олдини олиш, ёшларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш ва жамият хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид