Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШнинг Эронга зарбалари олтинчи кеча ҳам давом этди
АҚШ Қуролли кучлари Эрон ҳудудидаги бир қатор объектларга навбатдаги зарбаларни амалга оширди. Вашингтон бу ҳужумлар Эроннинг ҳарбий салоҳиятини янада заифлаштиришга қаратилганини билдирган бўлса, Теҳрон эса жавоб зарбалари берилганини маълум қилди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотига кўра, янги ҳужумлар 16 июл куни бошланган. Бу АҚШнинг Эронга қарши олиб бораётган ҳарбий операцияларининг олтинчи кечаси бўлди.
CENTCOM баёнотида айтилишича, зарбаларнинг асосий мақсади Эроннинг ҳарбий имкониятларини янада чеклаш ва унинг жанговар салоҳиятини пасайтиришдан иборат.
Бироқ Эрон давлат телеканали Press TV АҚШ ҳужумлари ҳарбий эмас, балки фуқаролик инфратузилмасига ҳам зарар етказганини иддао қилди. Телеканал маълумотларига кўра, Хурмузгон вилоятидаги учта кўприк, Бандар-Аббос шаҳридаги турар жой ҳудуди, Форс кўрфазидаги Киш оролида жойлашган электр подстанцияси ҳамда Бандар-Аббос ва Эроншаҳр аэропортлари яқини нишонга олинган.
Шунингдек, Эрон оммавий ахборот воситалари мамлакатдаги ягона фуқаролик атом электр станцияси жойлашган Бушеҳр шаҳри атрофида ҳам портлашлар содир бўлганини хабар қилди.
Press TV маълумотларига кўра, ҳужумлар оқибатида камида уч киши ҳалок бўлган, яна 15 нафар инсон турли даражада жароҳат олган.
Ҳужумлардан сўнг Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) мамлакат армияси билан ҳамкорликда минтақадаги АҚШ ҳарбий объектларига жавоб зарбалари берилганини маълум қилди.
AFP агентлиги келтирган маълумотларга кўра, Эроннинг Tasnim ахборот агентлиги ҳарбий манбаларга таяниб, дронлар ёрдамида Баҳрайнда жойлашган Саҳир авиабазасидаги АҚШ ҳарбий вертолётлари ва разведка самолётлари нишонга олинганини хабар берган.
Шу билан бирга, Кувайт армияси мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Эрон томонидан учирилган ракета ва дронларни қайтаришга жалб этилганини маълум қилди. Баҳрайн расмийлари эса хавф туфайли огоҳлантирувчи сиреналар ишга туширилганини тасдиқлади.
АҚШ ва Эрон ўртасида 17 июн куни жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ҳамда Ҳўрмуз бўғозидаги блокадани бекор қилишни назарда тутувчи рамкавий келишув имзоланган эди. Бироқ 25 июн куни Эронга тегишли дрон Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатланаётган фуқаролик танкерига ҳужум қилганидан сўнг вазият яна кескинлашди. АҚШ бу воқеага жавобан Эрон ҳудудига бир нечта зарбалар берган.
8 июл куни НАТОнинг Анқарадаги саммитида сўзлаган АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан тузилган англашув меморандуми амал қилишдан тўхтаганини маълум қилди. 13 июл куни эса у АҚШ Ҳўрмуз бўғозини ўз назоратига олганини айтди. Кейинчалик Трамп Эрон келишувга рози бўлмагунча ҳужумлар давом этишини ва зарурат туғилса мамлакатнинг электр станциялари ҳамда кўприклари ҳам нишонга олинишини билдирди.
Айни пайтда можаро иштирокчилари томонидан билдирилган айрим иддаолар мустақил манбалар томонидан тўлиқ тасдиқланмаган.