Ўзбекистон | 12:19
523
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев қурилиш материаллари саноатида янги тизим яратишни топширди

Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш материаллари саноатини сифат, стандарт, ассортимент ва нарх бўйича комплекс ечимлар таклиф қиладиган рақобатбардош тармоққа айлантириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, йирик инвестиция лойиҳаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан боғлайдиган янги тизим яратиш бўйича топшириқ берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари қайд этганидек, ўн йил аввал маҳаллий қурилиш материаллари асосан қум-шағал, ғишт, цемент, ойна ва шифер билан чекланган бўлиб, улар қурилишда қўлланиладиган материалларнинг 35–40 фоизинигина ташкил этган.

Сўнгги ўн йилда тармоққа 12 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 4 мингдан ортиқ замонавий корхона ишга туширилди. Натижада цемент, ойна, базальт, керамик буюмлар, газоблок ва қуруқ қоришмалар каби 20 дан зиёд асосий турдаги маҳсулотларга бўлган ички талабни тўлиқ қоплайдиган ишлаб чиқариш қувватлари яратилди.

Шунингдек, иссиқлик сақловчи, композит, экологик пардозлаш материаллари ва пол қопламалари каби юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам жадал ривожланмоқда.

Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатда янги уй-жойлар ва саноат бинолари қурилиши учун зарур бўлган қурилиш материалларининг 98 фоизи маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг натижасида соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 7 триллион сўмдан 53 триллион сўмга етган, экспорт ҳажми эса 1,2 миллиард долларга чиққан.

Йиғилишда йил бошида қабул қилинган дастурга мувофиқ, 2040 йилга қадар ҳар йили қуриладиган уй-жойлар сонини икки бараварга ошириб, 280 мингтага етказиш, «Янги Ўзбекистон» массивлари сонини 61 тадан 120 тага кўпайтириш режалаштирилгани таъкидланди.

Бундан ташқари, ҳар йили 20–25 миллион квадрат метр тижорат бинолари фойдаланишга топширилаётгани, бу эса қурилиш материалларига камида 10 миллиард долларлик йиллик талабни шакллантираётгани қайд этилди.

Президент Тошкент халқаро инвестиция форумида тақдим этилган 27 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари, жумладан Жиззахда атом электр станцияси, Янги Тошкент аэропорти, Янги Тошкентда футбол стадиони ва Тошкент–Самарқанд автомобил йўли каби йирик объектлар учун ҳам юқори сифатли қурилиш материаллари талаб этилишини таъкидлади.

Шу муносабат билан давлат раҳбари йирик қурилиш лойиҳаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан самарали боғлайдиган, маҳсулот сифати, стандартлари ва сертификатлаш талабларини ҳисобга оладиган янги тизимни жорий этиш бўйича масъулларга топшириқ берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид