Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Қатар амири ва халқига ҳамдардлик билдирди
Президент Шавкат Мирзиёев Қатарнинг собиқ амири шайх Ҳамад бин Халифа Ол Сонийнинг вафоти муносабати билан таъзия билдириш мақсадида ушбу мамлакатга ташриф буюрди.
14 июль куни Лусаил саройида давлат раҳбари Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашди. Мулоқот аввалида президент Қатар амирига отаси вафот этгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.

Шайх Ҳамад Ол Соний Қатар эришган кўплаб тарихий ютуқлар, улкан бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги жадал ислоҳотлар, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ортишига улкан ҳисса қўшган сиёсат арбоби бўлгани таъкидланди. Шу билан бирга, ул зотнинг мамлакатлар ўртасидаги яқин дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашдаги самарали меҳнатлари алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қатар бугунги кунда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги муҳим ўрин эгаллаётгани, халқаро майдонда катта таъсирга эга “Доҳа овози” пайдо бўлганини эътироф этди.
Икки давлат етакчилари Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали алоқаларни янги босқичга кўтариш, долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилди.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Қатар амирини Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди.