Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бош прокуратура томонидан “Яширин иқтисодиёт харитаси” платформаси ишга туширилди
Президент Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва соҳада прокурор назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди. Унда Бош прокуратура томонидан ишга туширилган “Яширин иқтисодиёт харитаси” платформаси ҳақида ахборот берилди.
Йиғилишда қайд қилинишича, яширин иқтисодиёт улуши ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда. Статистик баҳолашларга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳажми қишлоқ хўжалигида 81,1 триллион сўмни, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 24,5 триллион сўмни, қурилишда 23,9 триллион сўмни, саноатда эса 6,7 триллион сўмни ташкил қилмоқда. Мамлакатда 2030 йилгача яширин иқтисодиёт ҳажмини икки баробар қисқартириш, расмий банд аҳоли сонини 14 миллион нафарга, нақдсиз тўловлар улушини 75 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Тақдимотда Бош прокуратура томонидан яратилган ва синов тариқасида ишга туширилган “Яширин иқтисодиёт харитаси” платформасининг имкониятлари ҳақида ахборот берилди.
Таъкидланишича, платформа иқтисодиётнинг 22 та асосий тармоғи, 85 та соҳа, 14 та маъмурий ҳудуд ва 208 та туман-шаҳар кесимида яширин айланмалар хавфини аниқлаш ва масъуллар томонидан уларнинг бартараф этилишини назорат қилиш орқали бюджет даромадларини ошириш ҳамда соғлом рақобатни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Платформани ишлаб чиқишда солиқ, божхона, молия, иқтисодиёт, статистика, эконометрика ва эҳтимоллар назарияси йўналишлари бўйича бир қатор малакали мутахассислар жалб қилиниб, юздан ортиқ хавф мезонлари ишлаб чиқилган ҳамда уларга ҳудуд ва тармоқларнинг ўзига хос хусусиятлари, солиқ режими, товар айланмаси, бюджет учун аҳамияти ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда индивидуал коэффициентлар белгиланган. Соҳа ва ҳудудлар кесимида яширин иқтисодиёт хавфи ва эҳтимолий бюджет йўқотишларини аниқлаш мақсадида платформага 16 та масъул вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари интеграция қилинган ва барча маълумотларни реал вақт режимида қайта ишлаш имконияти яратилган.
Платформа таҳлиллари асосида яширин иқтисодиёт хавфи ва эҳтимолий бюджет йўқотиши миқдоридан келиб чиқиб, соҳа ва ҳудудлар автоматик тарзда “яшил”, “сариқ” ҳамда “қизил” тоифаларга ажратилади. Мазкур платформа орқали лицензиясиз фаолият юритиш, ҳақиқий айланма, иш ўринлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасини яшириш, рентабеллик ва фойдани камайтириш каби хавфлар автоматик аниқланади.
Тақдимотда платформанинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда соҳада прокурор назоратини рақамлаштириш орқали уни янги босқичга олиб чиқиш таклиф этилди.
Мазкур жараёнда яширин иқтисодиётга қарши курашишга масъул вазирлик ва идораларнинг куч ва воситалари платформа таҳлиллари асосида манзилли йўналтирилади, уларни назорат қилишда эса инсон омили янада камайтирилади. Яширин иқтисодиёт хавфи юқори бўлган соҳа ва ҳудудлар автоматик тарзда аниқланади, сабаблар таҳлил қилинади, масъул идораларга манзилли топшириқлар берилади, ижро назорат қилинади ва натижалар баҳолаб борилади.
Агар туман ёки шаҳар даражасида муаммо ҳал этилмаса, масала вилоят босқичига, зарур ҳолларда республика даражасига олиб чиқилади. Тизим орқали муаммонинг илдиз сабаблари аниқланиб, уни бартараф этиш, қонунчиликни такомиллаштириш ва бюджет даромадларини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Давлат раҳбари яширин иқтисодиётни қисқартиришда асосий эътибор рақамлаштириш, маълумотлар алмашинувини кучайтириш, инсон омилини камайтириш ва назоратни манзилли ташкил этишга қаратилиши зарурлигини яна бир бор таъкидлади. Масъулларга 1 октябрга қадар 70 дан ортиқ ахборот тизимини платформага интеграция қилиш, 1 январга қадар барча ҳудудлар ва соҳаларни ушбу платформа билан қамраб олиб, тўлиқ ишга тушириш топширилди.
Шунингдек, барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг рақобат шароитларини яратиш ва яширин иқтисодиётни қисқартиришда мутасаддиларнинг масъулиятини оширишда прокурор назоратини кучайтириш вазифаси қўйилди.
Мавзуга оид
17:52
Ватанпарвар журналистларни ўзимга дўст ва маслакдош деб биламан - Шавкат Мирзиёев
21:12 / 25.06.2026
Шавкат Мирзиёев ва Тони Блэр ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди
21:07 / 25.06.2026
Президент АҚШ Савдо вакили билан ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди
12:53 / 25.06.2026