Ўзбекистонда харид чекларини Soliq иловасида рўйхатдан ўтказган шахсларга харид суммасининг 1 фоизини кешбек шаклида қайтариб бериш амалиёти тўхтатилиши мумкин.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, фискал таҳлиллар институти шундай таклиф билан чиқди.

Институт маълумотига кўра, 2022 йилда кешбек тўловлари ҳажми 820 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йилда бу маблағ 1,8 трлн сўмга етиши мумкин.

Ваҳоланки, – дейди институт вакиллари, – 2026 йилда боғчалар қурилиши учун давлат бюджетидан бундан икки баробар кам – 900 млрд сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.

“Мазкур механизмнинг амал қилиши давлат бюджети ҳисобидан доимий молиялаштиришни талаб этади. Рўйхатдан ўтказилган фискал чеклар сони ортиши билан бир қаторда, давлат бюджети харажатлари ҳам муттасил кўпайиб боради”, – дейилади ИМВ ҳузуридаги институт эълон қилган мақолада.

Таъкидланишича, 2026 йил май ойида тўланган солиқ кешбекининг умумий суммаси 146,6 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 15,7 млрд сўми ёки 10,7 фоизи топ-10 савдо тармоқларига тўғри келган. Бу эса, муаллифларга кўра, бюджет ҳисобидан рағбатлантиришнинг салмоқли қисми аллақачон расмий секторда ишлаётган компаниялар мижозларига тааллуқли бўлаётганини кўрсатади.

“Натижада давлат бюджети амалда солиқ кешбеки мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам амалга оширилиши муқаррар бўлган операцияларни субсидияламоқда”, – дейди мақола муаллифлари.

Институт фикрига кўра, бюджет ҳисобидан рағбатлантиришга солиқ интизоми ва солиқ маданиятини шакллантиришга хизмат қилувчи вақтинчалик восита сифатида қараш керак.

Халқаро тажрибада ҳам харидорларни чек олганлиги учун моддий рағбатлантириш амалиёти – солиқ сиёсатининг универсал ёки узоқ муддатли инструменти сифатида қаралмайди.

Лотерея таклифи