Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ҳокимиятдан келган топшириқни деб, боламга куйиб ўтирибман” – ўлим билан тугаган "Андижон полкаси" тафсилотлари
23 июн куни “Андижон полкаси” Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди: вилоят марказий стадионида 20 минг одам бир вақтда рақсга тушди.
Рақсга тушганлар орасида Асака туманидаги 14-мактабнинг 8-синф ўқувчиси, 15 ёшли Фаррух Неъматов ҳам бор эди.
У ўша куни тадбирдан қайтишда ўзи ўқийдиган мактаб директори бошқарувидаги Damas'да автоҳалокатга учраб, шифохонада вафот этди.
Тафсилотлар – Kun.uz мухбири репортажида.
Суриштирувдан маълум бўлишича, “Андижон полкаси”ни Гиннес рекордлар китобига кириши учун стадионда катта тадбир уюштирилган ва бунга мактаб ўқувчилари жалб қилинган. 23 июн куни бошқа мактаблар қатори Асака туманидаги 14-мактабнинг ўқувчилари ҳам тадбирда қатнашган.
Ўша куни ЙТҲ оқибатида вафот этган 8-синф ўқувчиси Неъматов Фаррух ҳам махсус автобусларда стадионга борган. Тадбир тугагач у 5 нафар синфдошлари билан мактаб директорининг “Damas” автомашинасига ўтириб уйга қайтаётган бўлган.
Мактаб ўқувчилари минган машина асосий йўлдан келиб чапга қайрилмоқчи бўлган пайтда қарама қарши томондан келаётган “ЗИЛ” юк машинаси “Damas”нинг орқасига келиб урилган. Оқибатда “Damas” ағдарилиб кетган.
“Соғлом ўғлимни ўлдириб беришди”...
“Бир кун аввал ўғлимнинг синф раҳбари телефон қилиб эртага “Андижон полкаси” тадбирига Фаррухни жўнатинг илтимос деб қайта-қайта тайинлади. Хўп дедим. 15 ёшга кириб пул топадиган бўлиб қолганди ўғлим. Чиройли қилиб кийинтириб мактабига жўнатдик. Чорсиларни белига тугиб хурсанд бўлиб дўсти билан уйдан чиқиб кетди.
Бир пайт қўшним югуриб кирди. Дурдонахон, болаларимиз “аварияга” учрабди, қолган болалар яхши экан, битта сизнинг болангизни боши ёрилибди, тикишяпти экан деди. Вилоят шифохонасига қараб кетдик. Фаррухбек беш-олти соатда чиқди операциядан. Амалиёт жуда узоқ чўзилди.
Ўқитувчиларнинг ўзи қон берди ўғлимга. Ички аъзолари мажақланиб кетган экан. Ўзига келмади ўша куни кечаси билан ҳам. Эртаси куни 24 июнда жони узилди-да боламни. Фаррухбек ўғлим катта фарзандим эди. Уйдан соппа-соғ чиқиб кетган эди.
Аслида тадбирни ташкиллаган ташкилотлар, ҳокимият ўқувчиларни махсус автобусда олиб бориб, олиб келиб қўйишлари керак эди. Ўзбошимчалик билан автобусга чиқмай “Damas”га чиққан деб, энди айбни ўғлимга ағдариб қўйишяпти. Айбдорлар қонун олдида жавоб берсин. Гулдек ўғлимдан айрилдим”, дейди марҳум Фаррух Неъматовнинг онаси Дурдона Қосимова.
Автобус кетиб қолгач, директорнинг “Damas”ига чиқишган экан...
“Жияним дўстлари билан тадбирга автобусда борган. Тадбирдан кейин болалар уст-бошларини алмаштириб чиққунича, автобус кетиб қолган экан. Кўчада қолган болалар бизни олиб кетинглар деб, домласига телефон қилган. Шундан кейин мактаб директори ўзининг “Damas” машинасида болаларни олиб кетаётган бўлган. Чорраҳага етганларида бахтсиз ҳодиса содир бўлганда.

Жияним Муҳаммадризо Қамбаровнинг ҳолати оғир эди, энди ҳозир “операциядан” кейин анча ўзига келиб қолди. “Damas”да 2011 йилда туғилган 6 нафар синфдош дўстлар бўлган”, дейди ЙТҲ оқибатида шифохонага тушиб қолган Муҳаммадризо Қамбаровнинг тоғаси Ойбек Ибрагимов.
2 ўқувчи шифохонада, қолганига рухсат бердик...
“23 июн куни Андижон-Асака автомобил йўлида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига олти нафар жабрланган ўқувчи олиб келинди. Олти нафардан бири ўта оғир ҳолатда келган. Эртаси куни ўша оғир бемор вафот этган. Қолган беш нафар бемор турли жароҳатлар билан даволанган. Улардан уч нафарига ҳолати яхшиланганидан кейин уйига рухсат берилди. Ҳозирда икки нафари шифохонада даволаняпти” – Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали директори ўринбосари Абдумуталиб Акбаралиев.

Kun.uz мухбири бўлиб ўтган воқеа бўйича тегишли идоралардан изоҳ олмоқчи бўлди. Аммо бирор бир ташкилот ходими ҳолатга муносабат билдиришни истамади.
Айни пайтда ЙТҲ юзасидан Асака тумани ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб бориляпти.
Маълумот ўрнида, 24 июн куни Андижон вилояти марказидаги стадионда «Андижон полкаси» рақсига тушиш орқали рекорд ўрнатилди.
Мавзуга оид
13:57 / 25.06.2026
«Андижон полкаси» тадбирига кетаётган ўқувчилар ЙТҲга учради
18:39 / 25.02.2026
Зоминда йўқолиб қолиб, кейин жасади топилган 2 ёшли бола ЙТҲ қурбони бўлгани аниқланди
11:16 / 16.02.2026
Тошкентда мактаб ўқувчиси ЙТҲ содир этди
07:21 / 31.01.2026