Жаҳон | 20:54
602
2 дақиқада ўқилади

Францияда парашютчилар мактабига қарашли самолёт қулаши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди

Франциянинг Томблен шаҳрида бир гуруҳ парашютчиларни олиб кетаётган самолёт қулаши натижасида 11 киши – учувчи ҳамда беш нафар ўқувчи ва беш нафар йўриқчи ҳалок бўлди.

Фото: Reuters

Маҳаллий ОАВнинг хабарига кўра, парашютчилар мактабига қарашли самолёт Нанси-Эссей аэродромидан ҳавога кўтарилган ва савдо маркази яқинидаги ҳудудда қулаб тушган.

Франция транспорт вазири Филипп Табаро ички ишлар вазири Лоран Нунйес билан бирга “даҳшатли фожиа юз берган” жойга кетаётганини маълум қилди.

AFP агентлигининг маълумот беришича, Мерт-ва-Мозел шарқий департаменти префекти Ив Сеги ҳодиса оқибатида маҳаллий аҳоли орасида қурбонлар йўқлигини айтган.

“Самолёт аэродромдан унча узоқда бўлмаган яшаш мажмуаси яқинида деярли вертикал ҳолатда қулаган”, — деди Сеги BFM телеканалига берган интервюсида.

Унинг сўзларига кўра, ҳалокат жойига «салмоқли ресурслар», жумладан 25 автомобил ва 50 нафар ўт ўчирувчи юборилган.

“Бундан ташқари, барча полиция бўлинмалари ҳамда фуқаро мудофааси хизмати ходимлари сафарбар қилинди. Ҳозирда суриштирув олиб борадиган суд экспертлари гуруҳини кутмоқдамиз”, деди у.

Аэродром президенти Франсуа Пелиссйе ушбу воқеани «улкан фожиа» деб атади ва ҳалок бўлганларнинг айримларига совға сифатида парашютдан сакраш имконияти берилганини айтди.

Томблен мэри Эрве Ферон самолёт велойўлакка қулаганини маълум қилди. 

Маҳаллий ҳокимиятнинг билдиришича, самолёт қулаган вақтда ҳалок бўлганларнинг яқинлари аэродромда бўлишган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид