Жамият | 20:29
591
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда иш жойидаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида олти ойда 140 нафарга яқин инсон вафот этди

Ўтган олти ой давомида 447та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Энг кўп бахтсиз ҳодисалар саноат (144 та) ва қурилиш (127 та) соҳаларида юз берган.

Давлат меҳнат инспекцияси 2026 йилнинг 1-ярим йилида меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар статистикасини эълон қилди.

Қайд этилишича, ўтган олти ой давомида 447та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Уларнинг 21 таси гуруҳий, 311 таси оғир оқибатли, 113 таси эса ўлим билан якунланган.

Бахтсиз ҳодисалар оқибатида 494 нафар фуқаро жабрланган бўлиб, улардан 337 нафари оғир, 20 нафари енгил тан жароҳати олган, 137 нафари эса ҳалок бўлган.

Энг кўп бахтсиз ҳодисалар саноат (144 та) ва қурилиш (127 та) соҳаларида юз берган. Шунингдек, бошқа соҳаларда 87 та, транспорт ва логистика соҳасида 17 та, савдо ва хизматларда 16 та, соғлиқни сақлаш ҳамда қишлоқ ва сув хўжалигида 14 тадан, таълимда 13 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган.

Энг кам бахтсиз ҳодисалар маданият ва спорт (2та) ҳамда ахборот технологиялари (3та) соҳасида содир бўлган.

Энг кўп бахтсиз ҳодисалар Тошкент шаҳри (95 та), Тошкент (58 та) ва Қашқадарё (38 та) вилоятларида қайд этилган. Энг кам бахтсиз ҳодисалар эса Жиззах (16 та), Сурхондарё (16 та) ва Хоразм (13 та) вилоятларида кузатилган.

Қолган ҳудудлар бўйича статистика қуйидагича:

  • Бухоро — 34 та
  • Самарқанд — 33 та
  • Андижон — 33 та
  • Навоий — 31 та
  • Фарғона — 23 та
  • Қорақалпоғистон — 20 та
  • Сирдарё — 19 та
  • Наманган — 18 та

Жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига 10 млрд 376 млн сўм миқдорида бир марталик ҳамда ойлик зарар пуллари ундириб берилган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид