Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эҳтимолий рекордлар, сериялар ва реваншлар. ЖЧ яримфиналлари олдидан 11 интрига
Беллингҳэмда Марадонанинг натижасини яхшилаш имкони бор.
14 ва 15 июл кунлари 2026 йилги жаҳон чемпионатида яримфинал учрашувлари бўлиб ўтади. ФИФА рейтингида юқори тўрт ўринни эгаллаб турган жамоалар ушбу босқичдаги жуфтликларни ҳосил қилишди: Франция (учинчи ўрин) – Испания (иккинчи) ва Англия (тўртинчи) – Аргентина (биринчи). 2025 йил ноябрида киритилган янгилик буни таъминлади. Ўшанда ФИФА ўз рейтингидаги энг юқори тўрт ўринни эгаллаб турган жамоалар ўз гуруҳларида биринчи ўринларни олиб чиқадиган бўлса, плей-оффнинг турли сеткаларида жойлашишини маълум қилганди. Амалда ҳам шундай бўлди ва бу тўрт жамоа яримфиналга қадар ўзаро учрашмади. Энди мухлисларни интригага бой ўйинлар кутмоқда. Бу жамоалар қандай сюжетлар тайёрлаб қўйган бўлиши мумкин?
Франция Евро-2024 яримфинали учун реванш оладими?
Испанлар ва французлар Евро-2024 яримфиналида ҳам тўқнашганди. Ўшанда Луис де ла Фуэнте шогирдлари ғалаба қозонган (2:1), финалда ҳам Англияни мағлуб этиб, қитъа чемпионига айланганди. Эътиборли жиҳати, ўша ўйиндаги учта гол ҳам 25-дақиқага қадар уриб бўлинганди. Аввалига Рандал Коло Муани французларни ҳисобда олдинга олиб чиққан, бунга рақиб Ламин Ямал ва Дани Олмонинг голлари билан жавоб қайтарганди. Испанлар камбэк амалга ошириши учун тўрт дақиқа етарли бўлганди. Бу сафар французлар реванш олмоқчи ва бунинг учун яхши имкониятга эга.
Мбаппе ЖЧдаги голлар сони бўйича Мессига етиб оладими?
Лионел Месси жаҳон чемпионатларида энг кўп гол урган футболчи бўлиб турибди. Аргентиналик ҳужумчи олтита турнирда жами 21 гол урган, аммо эртами кечми уни Килиан Мбаппе ортда қолдириши аниқ. Француз футболчиси ундан 12 ёшга кичикроқ ва яна камида битта жаҳон чемпионатига боради. Агар жароҳат олиб, формасини йўқотмайдиган бўлса, бу рақам иккитага ошиши ҳам мумкин. Шу билан бирга, Мбаппеда ҳозирнинг ўзида Леога етиб олиш имкони бор. Испанияга қарши ўйинда гол урадиган бўлса, унинг голлари сони ҳам 21 тага етади. Мбаппе Испанияга қарши тўрт марта ўйнаган ва икки гол урган.
Франция қаторасига учинчи финалга чиқадими? Ёки Испанияда тарихдаги иккинчи финал бўладими?
Бунга ишониш қийин, аммо Испания жаҳон чемпионатларида атиги бир марта финалда ўйнаган. 2010 йилда ЖАРда бўлиб ўтган турнирда испанлар олтин медалларни қўлга киритганди. Франциянинг ЖЧ финалларига чиқиши эса, одатий ҳолатга айланиб бормоқда. Диде Дешам шогирдлари Россиядаги мундиалда ҳам, Қатардагисида ҳам бош соврин учун ҳал қилувчи ўйинда майдонга тушганди. Французлар «Лужники»да олтин медалларни ўзиники қилган, аммо араблар диёрида кумуш билан кифояланган. Муҳим нюанс: фақат икки жамоа ЖЧда қаторасига уч финалда ўйнаган. ГФР 1982, 1986 ва 1990 йилларда, бразиллар эса – 1994, 1998 ва 2002 йилларда шу босқичгача етиб келган.
Де ла Фуэнте плей-оффлардаги сериясини давом эттирадими? (у ЖЧ ва Еврода жами 13 та мағлубиятсиз серияга эга)
Луис де ла Фуэнте Испания миллий жамоасини 2023 йил бошида қабул қилиб олганди. Ўшандан буён «Қизил фурия» муҳим турнирларда бирор марта мағлуб бўлмади. 2024 йилги Европа чемпионатида испанлар гуруҳда уч, плей-оффда тўрт ўйинда ғалаба қозонганди. Шимолий Америкада ўтаётган жаҳон чемпионатида фақат Кабо-Верде гуруҳ босқичида Испаниядан очко ололди (0:0). Плей-оффда де ла Фуэнте шогирдлари учта ўйинда ҳам асосий вақтда ғалаба қозонди. Якун: ЕЧ ва ЖЧда 13 ўйин, 12 ғалаба, битта дуранг. Французлар рақибнинг ажойиб сериясига якун ясай оладими?
Испания дарвозасида ким туради?
Испанларда дарвозабонлар билан ғаройиб ҳолат кузатилмоқда. Давид Райя ва Жоан Гарсия – клублар миқёсида топ даражадаги дарвозабонлар ҳисобланади. Аммо уларнинг иккиси ҳам Испания миллий жамоаси ўйинларида захирада ўтирибди. Де ла Фуэнте «Атлетик» билан ўртача мавсум ўтказган Унаи Симонга ишонч билдирмоқда. Ушбу дарвозабон бу турнирда атиги битта гол ўтказди ва қуруқ серия бўйича рекорд ўрнатди. Лекин ўтган ўйинларда унинг дарвозасига жиддий хавф ҳам бўлмади (жами 6 ўйинда у атиги 5 та сейв ижро этишига тўғри келган), қолаверса, у баъзида (айниқса, Белгия билан ўйинда) ўзини ишончсиз тутиб, испаниялик мухлисларни ҳаяжонга солмоқда. Энди мухлислар ундан кучлироқ рақибларга қарши бошқа дарвозабонни туширишини хоҳлашмоқда. Мураббий уларга қулоқ соладими ёки ўз танловида қоладими?
Испаниянинг элита мудофааси Мбаппе, Дембеле ва Олисени тўхтата оладими?
Французлар ҳужум чизиғида элита гуруҳга эга. Мбаппе жаҳон чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлишга даъвогар, Майкл Олисе турнирнинг энг яхши ассистентлари рўйхатини бошқармоқда (бешта голли узатма), Усмон Дембеле эса «гол+пас» учинчи ўринда (7 очко). Испания миллий жамоаси қаршисида ўта қийин вазифа турибди – ушбу топ футболчиларни тўхтатиш. Де ла Фуэнте шогирдлари бутун турнир давомида атиги битта гол ўтказиб юборган, аммо французлар деярли ҳар ўйинда камида иккита гол урмоқда. Фақат Парагвайга қарши ўйин бундан мустасно (1:0).
Англия 60 йил ичида илк бор ЖЧ финалига чиқадими? Ёки Аргентина қаторасига икки чемпионлик учун яқинлашадими?
Англия миллий жамоаси 1966 йилдан буён жаҳон чемпиони бўлмаган. Бундан ташқари, футбол ватани жамоаси 60 йилдан буён финалда ҳам ўйнамаган. 1990 ва 2018 йилларда инглизлар финал остонасида тўхтаганди. Жамоа бу турнирда омадсиз сериясига барҳам бера оладими? Эътиборли жиҳати, Англия бу сафар илк бор Европадан ташқаридаги турнирда яримфиналгача етиб кела олди. Бунгача жамоа фақат Англия, Италия ва Россияда ўтган турнирларда охирги тўртликка кира олган. Аргентиналиклар эса, ўз навбатида жаҳон чемпиони мақомини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. 1962 йилдан буён ҳеч бир жамоага жаҳон чемпионатида қаторасига икки бор ғолиб бўлиш насиб этмаган. Ўшанда бу ишни бразиллар уддалашганди. Энди Жанубий Американинг бошқа бир жамоасида бу трюкни такрорлаш имконияти бор.
Скалони Европа жамоаларига қарши сериясини давом эттирадими? (мағлубиятсиз 10 ўйин)
Аргентина миллий жамоаси Лионел Скалони бошқарувида Европа жамоаларига мағлуб бўлмаган. Бу ҳайратланарли серия етти йилдан буён давом этмоқда. Қатардаги мандиалда аргентиналиклар Полша, Нидерландия, Хорватия ва Францияни, бу сафаргисида – Австрия ва Швейцарияни мағлуб этди. Ўртоқлик учрашувларида эстонлар ва исландлар, Финалиссимада Италия ҳам мағлуб этилган. Ва фақат 2019 йил октябрида немислар ўртоқлик учрашувида Аргентина билан дуранг ўйнаган. Инглизларни хавотирга солиши мумкин бўлган статистика. Лекин Англияда Скалони шогирдларининг сериясига барҳам бериш учун имконият етарли.
Беллингҳэм Марадонанинг рекордини йўққа чиқарадими? (уларнинг иккиси ҳам ЖЧ плей-оффларида қаторасига икки ўйинда 2+ гол уришган)
Жуд Беллингҳэм буюк Диего Марадона билан бир қаторда. 1986 йилда аргентиналик ушбу футболчи жаҳон чемпионати плей-оффида қаторасига икки ўйинда иккитадан гол урганди. Англиялик яримҳимоячи 40 йил ўтиб бу натижани такрорлади. Агар Беллингҳэм аргентиналиклар дарвозасига ҳам икки гол урадиган бўлса, эксклюзив рекорд соҳибига айланади. Лекин бунга эришиш осон эмас. Бошқа томондан, Жуд ҳозирда жуда ажойиб формада. Унда Марадонанинг рекордини Аргентина билан ўйинда ортда қолдириш имкони юзага келган.
Месси Англияга қарши илк ўйинида гол урадими?
Бу факт кўпчиликни ажаблантириши мумкин, лекин Лионел Месси бунга қадар бирор марта Англия миллий жамоасига қарши ўйнамаган. Бу жамоалар 2002 йилдан буён жаҳон чемпионатларида бир-бирига рўбару келмаган. Бундан ташқари, Месси ҳеч қачон ЖЧ «Олтин бутса»сини қўлга киритмаган, аммо ҳозир Мбаппе билан турнирнинг энг яхши тўпурари мақоми учун шиддатли кураш олиб бормоқда. Лео чоракфиналда тўхтади ва ЖЧ-2026 ўйинида илк бор гол уролмади. Уни инглизлар ҳам зарарсизлантирадими? Ёки у яна голлари сонини ошириб оладими?
Қайси финал такрорланади: ЖЧ-2022 ёки Евро-2024?
Асосий интрига: финалчилар жуфтлиги қандай кўринишда бўлади? Бунда тўрт вариант бор. Агар финалга Франция ва Аргентина йўл олса, мухлисларни ЖЧ-2022 финали ремейки кутади. Яримфиналларда Испания ва Англия ғалаба қозонадиган бўлса, Евро-2024 финали такрорланади. Шунингдек, Испания ва Аргентина жуфтлиги ҳам амалга ошмаган Финалиссимани тақдим этиши мумкин – ўтган йили Европа ва Жанубий Америка чемпионлари учрашиши керак эди, аммо бу ўйин Яқин Шарқдаги можаро туфайли бекор қилинганди (ўйинни Саудияда ўтказиш мўлжалланганди). Энди бу жамоалар жаҳон чемпионати финалида ўша ўйин учун ҳам ўйнаб қўйиши мумкин.
Мавзуга оид
16:35
ЖЧ анонси. Испания ҳимояси Франция ҳужумини тўхтата оладими?
16:18 / 13.07.2026
Ирқчилик айбловлари ва персона нон гратага айланган амалдор. Французлар яна можаро марказида
15:40 / 12.07.2026
ЖЧ кундалиги. Яна фантастик ўйнаган Жуд, яна қийналган Аргентина ва Эмболода аҳмоқона қизил
12:24 / 12.07.2026