Футбол бўйича жаҳон чемпионати чоракфинал босқичида қолган икки ўйинда ҳам жамоалар асосий вақтда масалани ҳал қила олишмади. Овертаймларда эса Англия Норвегияни (1:1, 2:1), Аргентина Швейцарияни (1:1, 3:1) мағлуб этди. Энди турнир ҳал қилувчи босқичга ўтди.
Стадионлар ташқарисида ҳам турнирга алоқадор воқеалар етарлича бўлмоқда: ҳужумчи Ҳаминтон Кампас ижтимоий тармоқлардаги ҳейтлар туфайли Колумбияга қайтишга қўрқмоқда, Тибо Куртуа эса Белгия миллий жамоасидаги фаолиятида танаффус қилди.
Аргентиналиклар мухлисларини қийнашда давом этмоқда
Аргентина – Швейцария 3:1
Голлар: Макаллистер, 10 (1:0). Ндой, 67 (1:1). Альварес, 112 (2:1). Л. Мартинес, 120+1 (3:1)
Аргентина: Э. Мартинес, Л. Мартинес, Ромеро (Отаменди, 106), Таляфико (Гонсалес, 78), Молина (Монтиэл, 85), Паредес (Лопес, 110), Фернандес (Алмада, 91), Макаллистер, де Паул (Л. Мартинес, 85), Алварес, Месси
Швейцария: Кобел, Элведи, Аканжи, Родригес (Эрай Жемерт, 90), Закариё (Яшари, 96), Фройлер (Варгас, 115), Жака, Ридер (Муҳайм, 86), Ндой (Видмер, 86), Соу (Амдуни, 86), Эмболо
Огоҳлантиришлар: Алмада, 97. Л. Мартинес, 98. Лопес, 114 – Эмболо, 44
Четлатиш: Эмболо, 72 (иккинчи сариқ)
Жаҳон чемпионати стартига қадар Аргентина ва Швейцария ўйини ким фаворит бўлиши савол туғдирмасди. Аммо амалда барчаси бошқача бўлиб чиқди – «Албиселесте» плей-офф босқичини шу қадар асабий ўтказмоқдаки, ушбу жамоа Мурат Якиннинг яхши шаклланган жамоага қарши қандай ҳаракат қилиши борасида қандайдир прогноз бериб бўлмасди. Фақат навбатдаги драма рўй беришини тахмин қилиш мумкин эди.
Кутилмаларга терс ўлароқ, Лотин Америкаси вакиллари ўйинни хотиржам бошлади ва 10-дақиқадаёқ бурчак зарбасидан кейин Алексис Макаллистер ҳисобни очди. Унга ушбу турнирнинг асосий қаҳрамонларидан бири Лионел Месси ассистентлик қилди.
Аргентина қарийб бир соат мобайнида ҳисобдаги устунликни сақлаб турди ва иккинчи голни уришга ҳам яқинроқ келди. Аммо Лионел Скалони бу сафар ҳам мухлисларини охирги дақиқаларга қадар ҳаяжонда ўтиришга мажбур қилди – иккинчи бўлим ўрталарида швейцарияликлар мувозанатни тиклашди. Ҳимоячи Дан Ндой чап қанотдан жарима майдонига бостириб кирди ва кучли зарбаси билан Эмилиано Мартинесни ожиз қолдирди.
Аммо европаликлар жамоаси мухлисларининг қувончи узоққа чўзилмади. 69-дақиқада ўйин тақдирини ўзгартириб юборган ғалати воқеа рўй берди: аввалига бош ҳакам аргентиналиклар яримҳимоячиси Паредес томонидан фол ишлатилганини қайд этиб, унга сариқ карточка кўрсатди. Аммо янги қоидалар бўйича вазиятга VAR аралашди ва ҳакамни монитор қаршисига чорлади.













