Англия миллий жамоаси жаҳон чемпионати 1/4 финалида катта қийинчилик билан бўлса-да, Норвегия тўсиғидан ўта олди. Шу билан бирга, Томас Тухел жамоаси ўйиннинг асосий вақтида урган ягона гол баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Биринчи бўлим охирида норвеглар дарвозабони Эрян Нюланд тўпни дарвозадан ўйинга киритди. Fox Sports каналида берилган такрорий кадрга кўра, ҳавода тўп йўл-йўлакай «ўргимчак камера» (Spidercam) кабелига тегиб кетган, шундан кейин дарҳол пастга шўнғиган.

Шундан кейин уни Андерсон эгаллаб олиб, Гордонга узатган, у эса жарима майдонига яқинлашиб, Беллингҳэмни голли пас билан таъминлаган.

Қоидага кўра, агар тўп ўйин пайтида ташқи жисмга тегса, учрашув тўхтатилиши ва баҳсли тўп билан қайта бошланиши керак. «Ўргимчак камера» ҳам ташқи жисм ҳисобланади.

Собиқ ҳакам Марк Клаттенбург Fox эфирида буларнинг барчаси голга олиб келган эпизоднинг бир қисми экани ва шу туфайли бу вазият видеотакрорда кўриб чиқилиши керак бўлганини айтди.

Аммо VAR вазиятга аралаша олмасди. Чунки тезкор видеоҳакамлар тизими фақат ҳужум фазасини текшириш ваколатига эга. Бу фаза эса Англия тўпни эгаллаб олган сониядан бошланади – ундан олдинги жараённи қамраб олмайди.

Шу бошланиш нуқтаси сабаб, голни бекор қилиш ваколати фақат майдондаги ҳакамларнинг қарорига боғлиқ бўлиб қолганди. Ўйинни бошқарган ҳакам Клеман Тюрпен голни ҳисоблади ва Англия танаффусга 1:1 ҳисобида йўл олди.

ФИФА эса тўпдаги датчик сим билан алоқани қайд этмаганини маълум қилиб, баёнот берди:

«Англиянинг Норвегияга қарши ўйинида 45+2-дақиқада урган голидан олдин, ҳавода тўп ҳаракатланаётган пайтда сенсорли тўп маълумотларида тўпнинг «юрак уриши» графигида ҳеч қандай юқори чўққи (peak) қайд этилмади. Шунинг учун тўпнинг стадион тепасидаги симга тегиб, унинг ҳаракат йўналишини ўзгартирганини тасдиқлайдиган ҳеч қандай далил йўқ».

Яъни, сенсор маълумотларига кўра, тўп юқоридаги симга тегмаган ва гол бекор қилинишига асос бўладиган далил аниқланмаган.