Жаҳон | 10:25
553
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Ҳўрмуз бўғозида денгиз блокадасини қайта тиклади

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эронга қарши янги ҳаво зарбаларини бошлаганини ҳамда Ҳўрмуз бўғози орқали Эрон портларига йўл олаётган ёки у ердан чиқаётган кемаларга нисбатан денгиз блокадаси қайта жорий этилганини маълум қилди. Вашингтон бу чоралар Эроннинг халқаро савдо кемаларига таҳдид солиш имкониятларини чеклашга қаратилганини билдирмоқда.

Фото: REUTERS

CENTCOM маълумотига кўра, 14 июл куни АҚШ ҳарбийлари Эронга қарши навбатдаги зарбалар сериясини амалга оширишни бошлаган. Қўмондонлик бу ҳужумлар тўртинчи кеча кетма-кет давом этаётганини қайд этди.

Баёнотда айтилишича, зарбаларнинг асосий мақсади Эроннинг Ҳўрмуз бўғозида ҳаракатланувчи тижорат кемаларига ҳужум қилиш имкониятларини янада чеклашдан иборат.

Шу билан бирга, АҚШ Марказий қўмондонлиги Эрон портлари ва соҳил ҳудудларига кирувчи ёки у ердан чиқувчи кемаларга нисбатан денгиз блокадаси қайта тикланганини эълон қилди.

Ҳозирда Яқин Шарқ минтақасида АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг 20 дан ортиқ жанговар кемаси ва юзлаб ҳарбий самолётлари хизмат қилмоқда. CENTCOM Америка қўшинлари юқори жанговар шайлик ҳолатида эканини таъкидлади.

Айни пайтда Эроннинг Mehr ахборот агентлиги Форс кўрфази, Уммон кўрфази ва Ҳўрмуз бўғози акваториясида эшитилган портлаш овозлари денгиздаги қуролли тўқнашувлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини хабар қилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳўрмуз бўғози устидан назоратни кучайтириш мақсадида денгиз блокадаси қайта жорий этилганини тасдиқлади. Бироқ у аввалроқ эълон қилинган денгиз орқали ташиладиган юкларга 20 фоизлик йиғим жорий этиш режасидан воз кечганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон даромадни Форс кўрфази давлатлари билан савдо келишувлари орқали оширишни режалаштирмоқда.

Fox News телеканалига берган интервюсида Трамп Эронга қарши ҳарбий амалиётлар Теҳрон «етарли» деб ҳисобламагунича давом этишини айтди. Унинг таъкидлашича, Эроннинг ҳарбий салоҳияти жиддий заифлашган, аммо мамлакатда ҳали ҳам қаршилик кўрсатиш имкониятлари сақланиб қолган. Шунингдек, АҚШ президенти келишувга эришилмаса, келаси ҳафта Эрондаги электр станцияларига ҳам зарба берилиши мумкинлигини истисно қилмади.

Трампнинг маълум қилишича, 14 июл куни АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида музокаралар ҳам бўлиб ўтган.

13 июл куни Доналд Трамп АҚШ Ҳўрмуз бўғозини ўз назоратига олганини эълон қилиб, Эрон кемалари ва Теҳрон билан ҳамкорлик қилувчи субъектларга нисбатан денгиз блокадаси тикланишини маълум қилган эди. Шунингдек, у Конгрессни Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар қайта бошлангани ҳақида расман хабардор қилган.

Аввалроқ, 17 июн куни АҚШ ва Эрон ўртасида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ҳамда Ҳўрмуз бўғозидаги чекловларни бекор қилишни назарда тутувчи ҳадли келишув имзоланган эди. Бироқ 25 июн куни Эрон дрон-камикадзеси фуқаролик танкерига ҳужум қилганидан кейин АҚШ бир нечта жавоб зарбаларини амалга оширди.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, 11 июл куни ўтказилган ёпиқ музокараларда Эрон расмийлари Ҳўрмуз бўғозидаги янги ҳужумлар учун масъулиятни «тизим назоратидан ташқаридаги элементлар» зиммасига юклаган ҳамда Вашингтон билан мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид