Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Тожикистонда президент ўғлининг Душанбе ҳокими этиб тайинланиши қонуний деб аталди
13:06 / 06.02.2017
12195
Фото: AP

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг 29 ёшли ўғли Рустам Имомалини Душанбе ҳокими этиб тайинланишида мамлакат қонунчилиги бузилмаган. Бу ҳақда журналистларга республика давлат хизмати бўйича агентлиги раҳбари Жума Давлатов маълум қилди.

Тожикистон президентининг катта ўғли Душанбе ҳокими этиб 12 январь куни тайинланди. У бу лавозимда Маҳмудсаид Убайдуллаевни алмаштирди. Аввалроқ Рустам Имомали Тожикистон божхона қўмитаси ва коррупцияга қарши маҳкамаси раҳбари бўлиб ишлаган.

"Рустам Имомалини пойтахт раҳбари этиб тайинланишида мамлакат қонунчилиги бузилмаган. Бу Тожикистонда бир неча йиллардан бери олиб борилаётган давлат тузилмаларига ёш кадрларни жалб этиш бўйича сиёсатнинг давомидир", - деди Давлатов. Унинг таъкидлашича, "президент фарзандларига давлат тузилмаларида юқори лавозимларни эгаллашни ҳеч ким тақиқлай олмайди".

Шунингдек агентлик раҳбарининг хабар беришича, Тожикистон шаҳар ва туман раислари ўз мажбуриятларини бажариш бўйича республика бош вазирига тўғридан-тўғри бўйсунади.

Унинг эслатишича, Рустам Имомалида – маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларини битирганликдан далолат берувчи учта диплом бор.

"У лавозимидаги илк кунларидаёқ барча мажбуриятларини яхши уддалай олишини кўрсатиб берди. Унинг молиявий назорат ва коррупция билан кураш агентлиги раҳбари сифатидаги ишига ҳам ҳеч қандай саволлар бўлиши мумкин эмас", - дея хулоса қилган Давлатов.


Улашинг
Top