МИБ ҳокимликдан товон пулини ундира оладими?
15:01 / 29.12.2017
51600

KUN.UZ таҳририяти мухбирлари 22 декабрь куни Сирдарё вилоятига навбатдаги хизмат сафари чоғида қизиқ бир фактга дуч келди. Гулистон шаҳар ҳокимлиги 2015 йил берган кафолат хати ижросини салкам 3 йил бўлмоқдаки, пайсалга солиб келмоқда. 

Гап шундаки, Гулистон шаҳар Гулистон ва Халқлар Дўстлиги кўчалари чорраҳасида фуқаро Мавжуда Аҳмеджановага тегишли нотурар жой биноси шаҳар ҳокимининг 2015 йил 30 июлда имзолаган 978-сонли қарори билан бузилган.

978-сонли қарорнинг 3-моддасида “фуқаро ва корхоналарга тегишли нотурар жойларнинг бузилиши ва кўчирилиши муносабати билан етказилган зарар учун бузиладиган нотурар жойларни, тўлов миқдори ва компенсация турини белгилаш шаҳар махсус комиссиясининг далолатномасига асосан мустақил баҳоловчи ташкилот томонидан амалга оширилсин ҳамда белгиланган тартибдаги ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда шаҳар ҳокимлиги ишчи комиссиясига тақдим этилсин”, дейилади. 

Ҳужжатнинг 5-моддасида Гулистон шаҳар ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ирригация бошқармаси бошлиғи (А.Атабаев)га товон пули тўлаб берилган хонадонларни бузиб олиш ва чиққан қурилиш материалларини далолатнома асосида ободонлаштириш бошқармаси ҳисобига кирим қилиш вазифаси юклатилиши таъкидланади. 

Бу ерда мулкдор оёғига болта ураётган, унинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилаётган, товон пулини олишга халал бўлаётган ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида”ги Низомнинг 15-бандидир. 

Унга кўра, “бузилаётган уйлар (квартиралар) эгасига турар жой бериш ва (ёки) компенсациянинг бошқа турларини тўлаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан, чорак якуни бўйича прогноздан ортиқча тушган маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетларининг захира жамғармаси маблағлари ва (ёки) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тегишли ҳисоб рақамларига давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштиришдан тушадиган тақсимланадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобига амалга оширилади”. 
Содда қилиб айтганда, бирор турар жой ёки нотурар жой давлат эҳтиёжи учун бузилса, компенсация пули маҳаллий бюджетда ортиқча маблағ ҳисобидан тўланади. Бу нимани англатади? Бу маҳаллий бюджетда ортиқча маблағ қачон бўларкин, дея фуқаронинг кутишини, ҳоким истаса тўлашини, истамаса пайсалга солишини, пулнинг қадрсизланишини ва даставвал берилиши керак бўлган товон пули қийматининг тушишини англатади. Нима учун бундай фикр билдираётганимни қуйида изоҳлашга ҳаракат қиламан.

Тўғри, М.Аҳмеджановага тегишли нотурар жой бўйича товон пулини ундиришга доир суд қарори қабул қилинди. Эътироф этиш керак, 2017 йил 14 ноябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судида судья Ў.Абдураҳмонов раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Аҳмеджанова фойдасига якуний қарор чиқарилган, апелляция муддати тугагач, ижро этиш учун 2017 йил 14 декабрида МИБга оширилган. 

Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек, адолат таъминланган, фуқаро ҳуқуқи тикланган, кўрган зарарини ундириб бериш учун чиқарилган қарор ижро этиш мақсадида МИБга юборилган. Ҳокимлик ҳам бу қарорга норозилик билдирмаган. Пул Аҳмеджанова ҳисобига келиб тушса кифоя, барчаси ўз изига тушиб кетадигандек. 

Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Бино бузилиб, унинг қиймати 169 млн сўм экани хусусида баҳолаш комиссиясининг хулосаси чиқарилган вақтда 2015 йилнинг 18 августи бўлган. Суднинг ундирув қарори эса 2017 йил 14 ноябрида қабул қилинган. Ўтган 2 йиллик даврда сўм қадри қанчалик пасайгани эса, суд эътиборидан четда қолган, яъни суд қарорида даъвогарнинг компенсация пулларини кечиктирганлиги сабабли банк фоиз ставкасида зарар ундириш ҳақидаги даъво талаби рад қилинсин, дея қатъий равишда белгилаб қўйилган.

Биз кўриб чиқаётган ҳолатда нотурар жой эгаси уни барпо этиш учун оз-мунча пул сарфламагани қуйидаги суратларда ҳам кўриниб турибди. 

Фото: Kun.uz

Шу ўринда савол туғилади: хўш, шу йилнинг 14 ноябрида бўлиб ўтган суд мажлисида даъвогар ва жавобгар ўрни алмашиб қолганида, яъни ҳокимлик даъво қилиб, тадбиркор ёки мулк эгаси жавобгар бўлганида суд қарори қандай кўринишда бўлиши эҳтимолини бир тасаввур қилиб кўринг-а? Катта эҳтимол билан суд қарорида ҳокимлик фойдасига товон пулини ундиришдан ташқари, унинг 2 йиллик пеняси албатта ҳисобга киритилган, Мажбурий ижро бюроси жавобгарнинг бор-будини, дод-войига қарамасдан, керак бўлса, ким ошди савдосига қўйиб бўлса ҳам ундириш ҳаракатида бўлган ҳамда албатта ижрони аъло даражада амалга оширган бўлар эди. 

 

Фото: Kun.uz

KUN.UZ мухбири суд қарори ижроси бўйича Гулистон шаҳар прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига бориб, ижро ҳолати, унинг қайтарзда амалга оширилиши ва айни вақтда қайси босқичда экани билан қизиқди. 

МИБ ходимининг сўзларига кўра, суднинг 1-4258-сонли фуқаролик иши бўйича қарори ижросини таъминлаш ҳақиқий маънода мушкул вазифадир. 

Чунки, МИБ фаолиятига доир Низомга мувофиқ, МИБ ҳокимликка суд қарорини кўнгилли равишда бажариши учун 5 кунлик муддат беради. Шундан сўнг, унинг мол-мулки, ҳисоб рақамларини музлатади. Тушган пуллардан даъвогар пули ундириш чоралари кўрилади. Амалда эса, буни амалга ошириш мураккаб вазифа. Қолаверса, дейди МИБ мулозими, ҳокимлик банк ҳисобларида пул бўлмаса, унинг қайси биносини ким ошди савдосига қўйиш мумкин бўлар эди?
 
Хуллас, ҳозирча арқоннинг бир учи МИБда, бир учи Гулистон шаҳар ҳокимлигида. Мулкдор эса бўзчининг мокисидек 2 карра қадрсизланишга улгурган пулини амаллаб ундириб олиш мақсадида орада сарсон қолмоқда. МИБ Ўзбекистон фуқаросининг қонуний ҳуқуқини, Ўзбекистонда хусусий мулк ҳимоя қилинишини қанчалик исботлай олади, буни вақт кўрсатади. 

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш


KUN.UZ мухбири      Толиб Раҳматов


Улашинг
Top