Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
Марказий Осиё президентлари янги йил оқшомида қандай тилаклар билдиришди?
20:00 / 02.01.2018
20384
Фото: akorda.kz

Марказий Осиё давлатлари президентлари янги йил оқшомида қандай тилак ва орзуларни билдиришди? Минтақа сиёсатчиларнинг янги йил табригини қозоғистонлик сиёсатшунос Ерлан Карин ўз Telegram каналида шарҳлади.

Сиёсатшуноснинг қайд этишича, анъанага кўра Марказий Осиё етакчилари тугаб бораётган йилнинг сўнгги дақиқаларида албатта ўз фуқароларини телеэкрандан туриб янги йил билан қутлайди. Бу нафақат сиёсий анъанага айланган, балки янги йил байрамининг муҳим ажралмас қисми ҳам бўлиб улгурган.

«Агар ўтган йили бу фахрли юмуш билан илк марта Ўзбекистоннинг янги етакчиси Шавкат Мирзиёев чиқиш қилган бўлса, бу сафар янги йил оқшомида ўз халқига илк марта Қирғизистоннинг яқиндагина сайланган янги президенти Сооранбай Жээнбеков табрик йўллади. Янги йил табриги — албатта, ҳукумат учун кўп сонли топшириқлар, жамият учун кенг қамровли номалардан иборат президент мурожаатномаси эмас, албатта, лекин ушбу қисқа нутқларда етакчилар ўтиб бораётган йилнинг энг аҳамиятга молик онлари ва янги йилдаги устуворликларга умумий тарзда шама қилишга ҳаракат қилишади. Шу сабабли Марказий Осиё сиёсати билан қизиқувчиларга минтақа етакчиларининг янги йил табрикларига доир мана шундай таҳлилий шарҳ қизиқ бўлса керак», — деб ёзган Карин ўзининг Telegram каналида.

Унинг қўшимча қилишича, янги йил мурожаати биринчи навбатда ўтиб бораётган йилнинг асосий якунларини умумлаштириш ва фуқароларга уни яна бир марта эслатиш имконияти ҳамдир.

«Бу бўлим Қозоғистон етакчисида анча салмоқли кўриниш ҳосил қилди — бунга ЭКСПО, ШҲТ ва ИҲТ саммитлари, Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибига сайланиши ва 2017 йилнинг бошқа ёрқин воқеалари қўшилди.

Туркманистон президенти биринчи навбатда Ашхободда ёпиқ иншоотларда ва жанг санъати бўйича Осиё ўйинларининг ўтказилгани, янги инфратузилма объектлари — Туркманобод–Фароб йўналиши бўйича Амударё устидан автомобиль ва темирйўл кўприклари ишга туширилгани, Ашхободда янги офис ва тураржой бинолари қурилганини қайд этиб ўтди.

Ўзбекистон президенти мамлакатнинг 2017 йилдаги ташқи сиёсатда эришган ютуқларига алоҳида урғу берди, жумладан, Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан муносабатлари принцип жиҳатдан янги асосда ривожланаётгани қайд этиб ўтилди. Фақат шунинг ўзидан ҳам президент минтақавий ҳамкорликка янги импульс бера олганидан фахрланишини пайқаш мумкин. Адолат юзасидан тан олиш керакки, ҳақиқатдан ҳам Марказий Осиё етакчилари алоқаларида кузатилаётган фаолликни айнан Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан боғлаш мумкин.

Тожикистон ва Қирғизистон етакчилари 2017 йил якунлари ўз мамлакатларига кўп ҳам тўхталиб ўтиришмади. Масалан, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон янги йил табригининг индаллосида «Бир неча кун аввал президентнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида 2017 йилда эришган ютуқларимиз атрофлича муҳокама этилган эди», деб айтиб қўйди ва такрор гапирмаслигига шама қилди. Тожикистон етакчиси 2017 йил Ёшлар йили бўлгани, давлат ва жамият ёшларнинг муаммоларига кўпроқ диққат-эътибор қаратганини таъкидлаб ўтди.

Қирғизистоннинг янги етакчиси Сооронбай Жээнбеков президентлик лавозимига киришганига бир ойдан сал кўпроқ вақт бўлди, шу сабабли унинг 2017 йилнинг якунлари ва ютуқларини санашидан маъни йўқ эди. У ўз мурожаатини 2017 йил тарихий йил бўлгани билан бошлаб, муайян натижаларни тилга олмасдан, баҳоловчи иборалардан фойдаланган. Ўтган йилнинг асосий ютуғи сифатида очиқ ва рақобат асосида президентлик сайлови ўтказилгани, янги президент, яъни ўзи сайланганини алоҳида қайд этган. Бу борада унга қўшилмасдан иложимиз йўқ», — деган Карин.

Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, президентларнинг янги йил табрикларидаги энг асосий қисм — келажак ҳақидаги чиқишлардир.

«Қозоғистон етакчисининг сиёсий графиги ўта зич бўлади. Нафақат Қозоғистон тарихида, бутун минтақа тарихида ҳам қозоғистонлик дипломатлар БМТ Хавфсизлик Кенгашида модераторлик қилишади. Шу сабабли Қозоғистон 2018 йилни катта старт билан бошлайди.

Туркманистон президенти янги йилда Халқ Маслаҳатининг илк йиғилишини ўтказади, шунингдек Ипак йўлини қайта тиклаш устида иш олиб боради, бунинг учун ҳаттоки 2018 йилга шиор ҳам танлаб бўлинган: «Туркманистон — Буюк Ипак йўлининг юраги». Орқатоғ 1 январдан бошлаб иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори 10 фоизга оширилишини ҳам эълон қилди.

Шавкат Мирзиёев бизнес учун имкониятларни кенгайтириш борасида ўзи бошлаб берган йўлни кучайтириш ниятида, шу сабабли 2018 йил Ўзбекистонда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинди. Илгари сурилаётган ташаббусларнинг муҳимлигини таъкидлаш мақсадида, Ўзбекистон етакчиси 2018 йил Ўзбекистон тараққиётида ҳал қилувчи йил бўлади, деб баёнот берди.

Тожикистон президенти шу йилдан мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига тайёргарлик кўришни бошдан ниятида. Бошқа устувор вазифаларни у яқинда парламентга мурожаатида белгилаб берганга ўхшайди.

Қирғизистон президентининг янги йил табриги — бир қатор шифрланган мурожаатлар рўйхатига ўхшайди. Хусусан, у яқинда Қирғизистонни узоқ муддатли ривожлантириш стратегияси қабул қилинишини қайд этди. Бу ҳужжат аввалги президент Алмазбек Атамбоев томонидан ҳам бир неча бор анонс қилинган. Афтидан, Жээнбеков бу билан собиқ президентнинг тутган йўлини давом эттиришини таъкидлашни истагандек. Жээнбеков ўз табригида мамлакат тоза ва адолатли жамият қуришга киришганини айтиб ўтди. Бу эса Қирғизистоннинг ҳозирги бош вазири Сапар Исақов томонидан илгари сурилаётган «Таза коом» («Шаффоф жамият») дастурига тўғридан-тўғри ҳавола ва буни ҳам уларнинг тандеми бузилмас эканлигига сигнал сифатида қабул қилиниши мумкин. Жээнбековнинг яна бир тезиси «биз қатъият билан мамлкатни коррупциядан тозалаймиз» дегани бўлди — бу эса унинг барча потенциал рақибларига огоҳлантириш. Дастлабки кунларидан фарқли ўлароқ, Жээнбеков янги йил табригида маълум бир мамлакатларни устувор сифатида ажратиб ўтирмади ва барча ҳамкасбларига ягона мурожаат йўллади — «қўшниларимиз билан анъанавий дўстликни янги босқичга кўтарамиз», деб. Афтидан, Қирғизистоннинг янги президенти Атамбоев стилида ҳар бир мамлакатга алоҳида хушомад қилса ўзининг манёвр қилиш майдонини торайтиришини тушунган кўринади», — дея МО давлатлари етакчилари янги йил мурожаатларини таҳлил қилиб чиққан сиёсатшунос.

Унинг қўшимча қилишича, Марказий Осиё президентлари сиёсий риторикасида айрим ўзига хосликлар вужудга келганини ҳам қайд этган. «Эмомали Раҳмон ўз табригини 2017 йил тугаб, 2018 йил кириб келаётгани ва бу... григориан тақвими бўйича рўй бераётганини таъкидлаган. Сооронбай Жээнбеков эса ўз табригини «Яратган қирғиз халқини фаровонликдан қисмасин», деб якунлаган. Афтидан, қирғиз ва тожик элитаси электорат тузилмасида рўй бераётган ўзгаришлар ва янги трендлар билан ҳисоблашишга мажбур бўлишмоқда.

Нима бўлганда ҳам, ўзларининг асосий тилакларида Марказий Осиё етакчилари ўхшаш гапларни айтишди ва ягона қадриятлар — тинчлик, тотувлик, бирлик ва барқарорликни тилга олишди», — дея ўз фикрларини якунлаган Ерлан Карин.


Улашинг
Top