Ўзбекистонда «Инвестиция» ва «Миллий логистика» порталлари ишга тушади
04:53 / 10.01.2018
4889

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Дастурнинг III боби «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари» деб номланган. Унинг Таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш бўлимида амалга оширилиши мўлжалланаётган қуйидаги чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.

Жумладан, Миллий юк ташувчиларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларига қўшимча шароитлар яратиш мақсадида «Миллий логистика портали»ни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

2018 йил 20 мартгача Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси тайёрланади.

Мазкур лойиҳада тадбиркорлик субъектлари ушбу портал орқали дунёнинг барча нуқталарида миллий юк ташувчиларнинг транспортлари ҳақида маълумотларни «онлайн» режимида тезкор олиши ва буюртма бериш имконияти яратилиши, халқаро логистика компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали ушбу портал имкониятларини кенгайтириш назарда тутилади.

Шунингдек, Интернет тармоғида маҳаллий ва хорижий инвесторларни зарур статистик ахборотлар, бизнесни юритиш учун яратилган шарт-шароитлар билан таъминлайдиган «Инвестиция портали»ни ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Бунинг учун 2018 йил 1 майгача Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Қарор лойиҳасида:

  • Ўзбекистон Республикаси Инвестиция порталини яратиш, ушбу портални 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб ишга тушириш ва доимий ишлашини таъминлаш;
  • мамлакатнинг инвестиция салоҳияти тўғрисида, тақдим этилаётган имтиёзлар, инвестиция киритиш афзалликлари, инфратузилма, географик жойлашув, шунингдек, давлат мулки объектлари, инвесторларга кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида давлат тили, рус тили ва бошқа хорижий тилларда кенгайтирилган ахборотлар;
  • маҳаллий ва хорижий инвесторларга интерфаол шаклда давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг хизматлари;
  • инвесторнинг қаерда ва қандай усулда мурожаат қилганлигидан қатъи назар, мурожаатлар кўриб чиқилишининг амалдаги ҳолати ва натижасидан хабардор бўлиб туриш имкониятини таъминлаш назарда тутилади.

Улашинг
Top