Исроилнинг машҳур телеканали Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини очиб беради
18:54 / 14.01.2018
9635
Фото: uzbektourism.uz

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида Адлия вазирлиги ҳамда ТИВ билан ҳамкорликда Исроилнинг CHANNEL 9 канали вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилди. Мақсад - Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот марказининг хабар беришича, ташриф доирасида хорижий сайёҳларни Ўзбекистонга жалб этиш мақсадида республиканинг тарихий  шаҳарлари, миллий ошхонаси, мусиқаси, амалий санъати ва ҳунармандчилиги ҳақида қатор лойиҳалар тайёрланмоқда.

Биринчи кун доирасида тасвирга олиш ишлари Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири ва Ипак йўли марказларидан бири ҳисобланган Бухорода ўтказилди. ЮНЕСКО меросига киритилган ушбу музей-шаҳарда исроиллик журналистлар каналнинг турли кўрсатувлари учун қатор материаллар тайёрлашди. 

Меҳмонлар Бухоронинг туристик салоҳияти етарлича баҳоланмагани, бу шеърият ва эртаклар шаҳри эканини завқ билан таъкидлашди.

Ўзбекистонда йўлга қўйилган Хавфсиз туризм концепцияси исроиллик журналистлар эътиборини жалб қилди: хорижий тилларни билувчи туристик полиция бошқармаси ишга тушган. Тизим хорижий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш учун хизмат қилиш билан бирга мобил ахборот маркази сифатида ҳам иш олиб боради.

"Халқаро стандартларга мувофиқ хизмат кўрсатувчи меҳмонхоналарнинг кўплиги, замонавий транспорт инфратузилмаси ва айниқса - мамлакатдаги дўстона муҳит (мусулмон масжидлари, насронийлар черковлари ва қадимий синагогларнинг ёнма-ён фаолият кўрсатиши) бизни ажаблантирди, бу исроиллик сайёҳлар учун катта аҳамиятга эга", - деди телеканал продюсери Евгений Шварц.

Исроил телеканалининг ижодий гуруҳи тасвирга олиш ишларини Самарқанд ва Тошкентда давом эттиради. 

Канал Исроил, АҚШ, Канада, Германия, Австралия, шунингдек Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатларида рус тилида трансляция қилинади. Исроилнинг 82 фоиз русийзабон аҳолиси телеканалнинг доимий мухлиси ҳисобланади. Каналнинг фақат Исроилнинг ўзидаги аудиторияси - 2 миллион кишидан ортиқни, хорижда эса - 6 миллион кишини ташкил қилади.


Улашинг
Top