KUN.UZ таҳририяти Бекобод тумани Зафар шаҳарчаси Гулистон МФЙ Усмон Носир кўчасидаги кўп қаватли уйлардаги коммунал ҳолат, тураржой бинолари атрофидаги санитар вазият, канализация ва айниқса ҳожатхона муаммоси ҳақида ўтган йил сентябрь ойининг охирида мақола эълон қилган эди. 

Таҳририят махсус мухбирлари юқоридаги масалалар қанчалик ижобий ҳал этилганини текшириш мақсадида Зафар шаҳарчасига яна борди. 

Фото: Kun.uz

Жойига борганимизда очиғи ўзгаришларни сезмадик. Биргина эски, яроқсиз, фойдаланилмаётган, ҳамон атроф-муҳит санитар ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатишда давом этаётган ҳожатхонанинг ташқи томони оқартирилгани ва янги ҳожатхона учун мўлжалланган ҳандақнинг ковлангани, атрофи бетон қилинганини айтмасак. 

Шу ерда истиқомат қилувчи фуқаролар билан суҳбатлашганимизда туман ҳокими келиб аҳоли билан учрашгани, бироқ канализация масаласини ижобий ҳал этиш жуда катта маблағ туриши эвазига қисқа даврда ҳал бўлмаслигини очиқ айтганини билдиришди. Янги ҳожатхона қуриш бу йилги режага киритилгани ва ҳандақ ковланганини айтишди. Ушбу бино қуриб битказилганидан сўнг, ўзбошимчалик билан қурилган ҳожатхоналар бузилади, ҳовли ва атрофи тозаланиб, болалар майдончалари барпо этилишига ҳокимлик ваъда беришганини таъкидлашди.

Фото: Гулистон МФЙ раиси Илҳом Болтабоев/Kun.uz

Гулистон МФЙ раиси Илҳом Болтабоевнинг сўзларига кўра, янги ҳожатхона эркак ва аёллар учун 2 тадан 4 туйнукли бўлади. Атрофдаги 10 та 2 қаватли уйда 130 атрофида фуқаро истиқомат қилиши эътиборга олинса, бу камлик қилмайдими, деган саволимизга, кўпчилик хонадонларига ҳожатхона ўрнатиб олганлари сабабли, ҳамма ҳам ташқарига чиқмаслигини, уйига ўрнатмаганларга етарли эканини айтди. 

Фото: Kun.uz

Биз маҳалладаги 2-мактабгача таълим муассасаси ва 7-ўрта таълим мактабида ҳам бўлиб, куз-қиш мавсуми қандай ўтаётгани билан қизиқдик. Ростини айтиш керак, балки шаҳар маркази бўлгани сабабдир, ушбу икки муассасадаги аҳвол ўрнак олса арзигулик. Асосийси келажак авлод иссиқ хоналарда барча имкониятлар ва шароитларда тарбияланмоқда. 

Гулистон МФЙда фаол тадбиркорлик билан шуғулланувчи кишилар бор-йўқлигини сўраганимизда, ўзининг кичиккина ҳовлисида иссиқхона, унинг ёнида бўрдоқи новвослар боқишни йўлга қўйган, давлат кредит олиб, парранда ҳам боқаётган Маҳаматжон Қодиров ҳовлисини кўрсатишди. 

Фото: Kun.uz

Тўғрисини айтиш керак, Маҳаматжон ака хонадонида бўлганимизда, унинг ўзи ва ўғли ҳам меҳнатда ўсиб, улғайгани, меҳнатдан қочмаслигини кўришганимиздаги қадоқ қўллари исботлади. Унинг бир парча ернинг ҳам қадри етиши дарвозахонасига кираверишдаги ерга ҳам саримсоқ пиёзни қадаганидан билиш мумкин. Ўғлининг айтишича, Маҳаматжон ака қўшни ҳовлидаги ортиқча ерга ҳам ёмон кўринмаслиги учун буғдой сепиб қўйган. 

Таъкидлаш лозимки, бир маҳаллада икки хил ҳолатга дуч келдик. Бирида 10 дан ортиқ 2 қаватли бинодаги инсонларнинг аксари канализация ва ҳожатхона муаммосидан қийналишаётган, уларнинг арзи 2017 йил август ойидан буён (канализация қиммат экан, уни қўя турайлик, салкам 5 ойда 2 метрга 4 метрлик ҳожатхона барпо қилишга имкон топилмагани тушунарсиз) ҳал этилмаган бўлса, Маҳаматжон ака хонадонида кўпчилик ўрнак олса арзигулик ишлар йўлга қўйилган. 

KUN.UZ таҳририяти Бекобод туман ҳокимлиги шу йилнинг март ойига қадар янги ҳожатхонани фойдаланишга топшириб, эски ҳожатхоналарни йўқ қилишига ишонч билдириб қолади.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш