Бишкек ИЭСини модернизация қилиш ҳақидаги битимни имзолар экан, Қирғизистоннинг ўша вақтдаги энергетика вазири, айни пайтда парламент депутати Осмонбек Ортиқбоев «биз янги иссиқлик узатиш марказини қураяпмиз», деб ишонтирган, фақат «қарийб», деб қўшимча ҳам қилган эди, деб ёзади 24.kg.

Мустаҳкам ИЭСни қуришни эса уддалашолмаган бўлиб чиқди. 2018 йилнинг қаҳратон қишида эски қозонхоналар ишдан чиқди, янги ускуналар эса зўриқишни кўтара олмади. Фақат кеча кечга бориб бишкекликлар уйига илиқлик югура бошлади.

Бишкек ИЭСи модернизацияси

Янги блокларни барпо этиш учун 8 та эски қозонхона ва 4 та турбоагрегат бузиб ташланди. Илгари уларнинг қуввати 175 МВт эди, янги иккита қозонхона агрегати ва иккита турбоагрегат ўрнатилганидан сўнг қувват 300 МВтгача ошди.

Осмонбек Ортиқбоевнинг жимжимадор имзоси билан қурилиш ишлари Хитойнинг ТВЕА компаниясига қўшқўллаб топширилди. Хитойнинг Эксимбанки Қирғизистонга бунинг учун 386 миллион доллар кредит ажратди.

Қурилиш капсуласи 2015 йилнинг 2 ноябрида жойланди, очилиш маросими 2017 йилнинг 30 августида бўлиб ўтди.

Ҳисоб палатасининг маълумотларига кўра, ускуналарнинг нархи 164,6 миллион доллар, қурилиш ишлари — 66,7 миллион доллар, монтаж ва ишга тушириш ишлари 64,2 миллион долларга тушган.

Маъмурий харажатлар учун яна 19,2 миллион доллар сарфланган, персонал ва механизмлар транспортировкаси учун эса 12,4 миллион. 2015 йил охирига келиб пудратчига 280,38 миллион (умумий шартноманинг 72,6 фоизи) тўлаб берилган.

TBEA яна ўз ҳисобидан 20,3 миллион доллар беминнат ёрдам кўрсатган. 

Ереваннинг янги ИЭСи

2017 йилнинг бошида Арманистон пойтахти Ереванда янги ИЭС қуриш учун капсула жойлаштирилди. Эскисини модернизация ёки таъмирлаш учун эмас, айнан нолдан янгисини барпо этиш учун.

Қурилиш режасига кўра 250 МВт қувватга эга, газда ишловчи комбинациялашган циклга эга электр станцияси лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланмоқда.

Италиянинг Renco компанияси янги блокни 285 миллион долларга баҳолаган. Пудратчининг ишонтиришича, қурилиш ишлари 26 ой давом этади ва 2019 йилнинг иккинчи ярмида якунланади.

Душанбедаги ИЭС-2

Хитойнинг ТВЕА компанияси Душанбеда янги ИЭС барпо этган эди. Унинг 100МВтлик биринчи навбати 2012 йилнинг ноябрида бошланиб, 2014 йилда якунланган эди. Орадан бир йил ўтиб, пудратчи 300 МВтлик иккинчи навбат қурилишини бошлади. Қурилиш ишлари 17 ойда якунланди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 349 миллион долларни ташкил этади ва унинг 17,4 миллион доллари Тожикистон ҳукуматининг улушидир.

Гарчи Тожикистон ҳукумати қошидаги атроф-муҳит муҳофазаси қўмитасининг давлат экологик экспертизаси кўплаб меъёрлардан четлашаётганлиги туфайли ИЭС-2 лойиҳасини маъқулламаган бўлса-да, энергетика саноати вазирлиги унга рухсат берган.

Объект жуда ноқулай жойлашган ва «шамол атиргули» ҳисобга олинмаган. Экологлар бир неча йилдан сўнг Душанбе шахтёрлар шаҳарчасига айланиб қолишидан хавотирда.

Брестдаги ИЭС

Италиянинг Ansaldo Energia компанияси 500 миллион доллар эвазига Брестда ИЭС қуришни мўлжаллаётган эди. 2012 йилнинг майида беларуслик мулозимлар тантанавор равишда қурилиш майдонига капсула ҳам кўмишди.

Лойиҳага кўра, янги ИЭС 400 МВт энергетик қувватга эга икки турбинадан иборат бўлиши керак эди. Италия компанияси объект қурилишини «калитигача» топширишни кафолатлаётган эди. Бироқ иссиқлик манбаи қурилмай қолиб кетди.

Фарғона ИЭСи модернизацияси

2017 йил апрелида Япониянинг Kawasaki Heavy Industries ва Marubeni Utilite Services компаниялари Фарғона ИЭСи модернизациясига киришишди.

83,6 миллион АҚШ доллари қийматига тенг модернизация ишларини молиялаштириш Япониянинг янги энергетика ва саноат технологияларини ривожлантириш бўйича ташкилотининг 49,5 миллион долларлик грантлари ва Ўзбекистон томонининг маблағлари эвазига амалга оширилаётган эди.

Фарғона ИЭСи 1978 йилда фойдаланишга топширилган. Ўрнатилган қуввати 305 МВт, 560 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Модернизация лойиҳасига кўра, қўшимча 57,7 МВт қувватга эга, иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи газ турбина қурилмасини қуриш, қозонхонани қайта таъмирлаш назарда тутилган. 

Тўрақўрғон ИЭС

Япониянинг Mitsubishi компанияси Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриб беради.

Қурилиш ишлари бўйича ҳамкор сифатида Туркиянинг Calik Enerji Sanayi ve Ticaret AS ширкати ҳам қатнашмоқда. Mitsubishi Corporation 450 МВтли иккита буғ-газли қурилмага эга электр станциясини қуриш бўйича «Ўзбекэнерго» тендерини ютиб олган.

1,1 миллиард долларлик лойиҳани молиялаштириш Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) нинг 704 миллион долларлик қарзи, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт фондининг 300 миллион доллар маблағи ва «Ўзбекэнерго»нинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.