Join KUN.UZ Telegram каналига қўшилинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! Аъзо бўлиш
x
NBU фуқаролар билан нега судлашмоқда?
22:40 / 06.02.2018
58137

KUN.UZ таҳририятига Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 35-уйда истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилишди. Улар ўзлари яшаб келаётган кўп қаватли уйдан чиқариб юборилиши мумкинлигидан хавотирда эканликларини билдиришди. Таҳририят мухбири вазият билан яқиндан танишиш ҳамда ушбу уйда яшовчилар дуч келган муаммони ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Навоий кўчасида барпо этилган кўпқаватли уйга борди.

Маълум бўлишича, ушбу уй Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ҳамда ушбу кўпқаватли уйдан хонадон сотиб олиш истагини билдирган фуқароларнинг 75 млн сўм миқдорида депозитлари ҳисобига барпо этилган. Бироқ банк орадан 4 йил ўтганидан сўнг, 35-уйда яшаб келаётган фуқароларга огоҳлантириш мактублари юбориб, кўчмас мулк бозоридаги қиймат асосида қайта ҳисобланган нархлар бўйича тўловларни амалга оширишни талаб қила бошлаган.

Фуқароларни ажаблантирган томони шундаки, 2011-2012 йил давомида фуқаролар билан дастлабки шартнома - келишув баённома имзоланиб, мазкур кўпқаватли уй 2014 йил 15 апрелда Давлат қабул комиссияси томонидан қабул қилингани, Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг 2014 йил 4 августдаги қарори билан Миллий банкка мулк ҳуқуқи берилганига қарамай, хонадонларнинг якуний қиймати 2016 йилда бозордаги таклиф нархида ҳисобланиб, жисмоний шахсларга тақдим этилган.

Банк раҳбарияти хонадонларда истиқомат қилувчилардан мазкур нархда тўловларни амалга оширишни, акс ҳолда, хонадонлардан мажбурий тарзда кўчириб юборилишини ҳамда хонадонлар кимошди савдоси орқали сотиб юборилишидан огоҳлантириб мактублар юборган. Миллий банкнинг бундай тарзда иш юритишидан норози жисмоний шахслар фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво аризаси киритган. Улар гарчи кўпқаватли уй 2014 йил 4 августида тўлиқ фойдаланишга топширилганига қарамай, Миллий банк асоссиз равишда хонадонларнинг якуний нархини баҳолашни кечиктирганидан норозилигини изҳор қилишган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро суди 2017 йил 15 мартида мазкур мурожаатни кўриб чиқиб, хонадонларни баҳолаш нотўғри ўтказилган, деган хулосага келган ва Миллий банкка хонадонларни 2014 йил 4 августдаги ҳолат бўйича қайта баҳолаш мажбуриятини юклаган. Апелляция инстанцияси ҳам мазкур суд қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Бироқ Миллий банкнинг такрорий буюртмасини амалга оширган Lider Konsalt Servis МЧЖ суд қарорида белгиланган муддатга доир нархларни топа олмаганини важ қилиб, 2015 йил октябрь ва 2017 йил августда Навоий кўчасидаги 3 хонали хонадорларнинг бозордаги таклиф қийматларини таққослаб, хонадонларнинг нархини 521 млн сўмдан 453 млн сўмга туширган. Хўш, баҳолаш фирмасининг бу амалиёти қанчалик тўғри? Биз бу борада экспертга мурожаат қилдик.

Умуман олганда, фуқаролар мазкур хонадонлар бўйича тўловларни тўламаслик эмас, балки зиммасидаги қарздорликдан тезроқ қутулиб, кадастр ҳужжатларини тезроқ расмийлаштиришдан манфаатдор эканликларини билдиришмоқда. Аммо улар барча соҳада бўлгани каби бу борада ҳам адолат тантана қилишини хоҳлашмоқда. Суд маҳкамаси хонадон қийматини 2014 йил 4 август ҳолатига кўра баҳолаш мажбуриятини юклагани ҳолда, такрорий баҳолаш яна нохолис ўтказилганини таъкидлашмоқда. Биз мурожаат қилган эксперт ҳам мулкдор ўзига тегишли мулкни истаганча тасарруф эта олиши ва истаган нархда сотиши мумкинлигини қайд этган бўлса-да, хонадонларнинг бозор қиймати ва асл сотилган қиймати ўртасида фарқ бўлишини таъкидлаб, ана шу сотилишда қайд этилган қиймат кўчмас мулкнинг асл бозор қиймати бўлишини уқдирди. Бу нимани англатади?

Мисол учун, айтайлик, сотувчи ўз уйини 100 млн сўмга сотмоқчи. Харид қилувчи айни хонадонга 80 млн сўм таклиф этади ҳамда икки ўртадаги савдо мунозараси асосида икки томонга ҳам маъқул бўлган баҳода, яъни 90 млн сўмга уй сотилади. Айни шу қиймат уйнинг ҳақиқий бозор нархи ҳисобланади. Яъни, экспертнинг тушунтиришига кўра, фақатгина эълон сайтлари ва босма нашрлардаги эълонларда кўрсатилган нархлардан келиб чиққан ҳолда хонадон нархини белгилаш тўғри эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилда қабул қилган 611-сонли фармойишида ҳам айни жиҳатга эътибор қаратилган бўлиб, Навоий кўчаси 35-уйдаги хонадонларни, уларни қурилиши вақтида дастлабки тўловни тўлаган жисмоний шахсларга тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш йўли билан сотишга рухсат берилган. Аммо банк бу жиҳатга диққат қилмаган ва Result Consult МЧЖ билан шартнома имзолаб, Навоий кўчасидаги 35-уйдаги 40 та хонадоннинг бозор нархини баҳолаб беришни сўраган.

Хуллас, ўрганишларимиз асосида бизда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкнинг Навоий кўчаси 35-уйдаги хонадонларни сотиши билан боғлиқ ҳолатга доир қатор саволлар пайдо бўлди:

  1. Нима учун Миллий банк кўп қаватли тураржойларни баҳолашни, фуқаролар бир неча бор мурожаат қилганларига қарамай, пайсалга солиб келган?
  2. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилда қабул қилинган 611-сонли фармойишида белгиланган бўлса-да, Миллий банк ҳар бир хонадонда яшаб келаётган фуқаролар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиб, уйларни уларга сотиш чорасини кўриш ўрнига нима учун баҳолаш фирмасига мурожаат қилган?
  3. Қолаверса, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2017 йил 15 мартдаги қарорида кўпқаватли уй қабул қилинган 2014 йил 4 август санаси бўйича қайта баҳолаш мажбурияти юклангани, апелляция инстанцияси бу қарорни ўзгаришсиз қолдирганига қарамай, уй-жойларни қайта баҳолашда тушунарсиз схема қўллаганини қандай изоҳлаш мумкин?
  4. Уйларнинг лойиҳа қиймати, депозитга олинган пуллар сўмда амалга оширилган. Аммо Lider Konsalt Servis МЧЖ хонадонлар қийматини баҳолашда сўмнинг долларга нисбатан курсидан фойдаланиши қанчалик тўғри?

KUN.UZ таҳририяти мазкур тушунмовчиликлар юзасидан Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкидан изоҳ кутади ҳамда фуқароларнинг хонадонларни адолатли қийматда харид қилиши билан боғлиқ муаммо ўзининг ижобий ечимини топишига умид билдиради.

YouTube

Tas-IX

Толиб Раҳматов


Улашинг
Top