09:50 / 06.06.2018
8922
ЕТТБ президенти: «Ўзбекистон ўз банк секторини очиши керак»
Фото: REUTERS/Costas Baltas

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Россияда кредит беришни давом эттиришни режалаштираётгани йўқ, аммо Ўзбекистоннинг бозор ислоҳотларини амалга ошириш тўғрисидаги қароридан кейин Марказий Осиёга нисбатан ижобий кайфиятда қарамоқда. Бу ҳақда банк президенти Сума Чакрабарти Reuters агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Банк 2014 йилда Украинадаги можарода Москванинг роли туфайли Россияда кредит беришни тўхтатди, ҳамда Чакрабарти ЕТТБнинг позицияси ўзгармаганлигини айтди.

«Мен Россияда ЕТТБ инвестицияларини тиклаш учун акциядорларда иштиёқ борлигини ҳис қилмаяпман», - деди у. 

Чакрабарти Остонанинг «Марказий Осиё шенген зонаси»ни яратиш тўғрисидаги таклифини ижобий баҳолади. Бунда чет эллик фуқаролар ягона виза билан келишлари мумкин бўлади.

«Бу минтақа учун бурилиш нуқтаси бўлади», - деди у. 

Чакрабартига кўра, банк ўтган йили Ўзбекистонда 100 миллиондан ортиқ сармоя киритган ва келажак учун кўплаб лойиҳаларни режалаштирган.

«Ўзбекистонда яна иш бошлаганимиздан жуда мамнунман», - деди у. 

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Тошкентга сентябрда келиб, ЕТТБ бошқарувчилар кенгаши бир ойдан сўнг тасдиқлаши керак бўлган мамлакатни ривожлантириш стратегияси устидаги ишни якунлайди.

«Келажакда ислоҳотлар давом эттирилади... лекин, бизда бунга содиқ бўлган жамоа борлигига қатъий ишонаман», - деди Чакрабарти. 

Тошкент томонидан хусусийлаштирилиши мумкин бўлган тармоқлар ҳақида сўз юритар экан, у банк сектори биринчи навбатда очилиши кераклигини таъкидлаб ўтди. Бу ресурсларни кейинчалик самарали йўналтириш учун керак.

Шунга қарамай, Ўзбекистон ЕТТБ инвестициялари ҳажми нуқтаи назаридан Қозоғистонни ортда қолдиришига ҳали узоқ вақт бор, деди Чакрабарти. Унинг таъкидлашича, банк икки мамлакатни рақобатчи, деб ҳисобламайди.

Top