20:10 / 08.08.2018
5099
Божхоначилар 328 млн сўмлик сифати кафолатланмаган маҳсулотларни тўхтатиб қолишди

Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ҳамда Андижон вилоят божхона бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда ноқонуний йўллар билан кириб келаётган йирик миқдордаги кийим-кечаклар ва дори-дармонлар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

«Избоскан туманида бошланган тезкор тадбир давомида дастлаб фуқаро Қ.Р. бошқарувидаги «Cobalt» автомашинаси кузатувга олинади. Чунки, унда қўшни давлатдан божхона назорати ўрнатилмаган айланма йўллар орқали олиб ўтилган, хорижда ишлаб чиқарилган товарлар ташилаётган эди.

Автомашинанинг «югургани» эса Норин туманигача бўлди. Тумандаги Тўда қишлоғида автомашинадаги юклар «Isuzi» русумли юк автомашинасига юкланаётган пайтда божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди.

Тезкор тадбир давомида аниқланишича, ушбу юклар фуқаро М.Р. га тегишли бўлиб чиқди. Шундан сўнг, ушбу шахснинг хонадони ҳам амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда ҳам хорижда ишлаб чиқарилган 6 қоп товар борлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давомида олиб қўйилган товарлар асосан дори-дармонлар ва кийим-кечаклар бўлиб, уларнинг умумий қиймати 328 млн. 493 минг сўмдан ошар экан», дейилади хабарда.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top