23:34 / 23.08.2018
12574
Time журнали Трампни «чўктириб» юборди

Американинг Time журнали АҚШ президенти Дональд Трампнинг чўкаётгани тасвирланган карикатура билан чиқадиган муқовасини реклама қилди.

Қайд этилишича, журналнинг ушбу сони Оқ уй Овал кабинетидаги ноқулай об-ҳавога бағишланган туркумнинг давоми бўлади. Ушбу туркумдаги биринчи муқова 2017 йил февралда нашр этилган бўлиб, унда президент столи устидаги шамолли ва ёмғирли ҳаво тасвирланганди. 2018 йил 23 апрелдаги муқовадан кучайган шамол ўрин олганди. Time’нинг 3 сентябрь куни чиқадиган сони муқовасида сув остига ғарқ бўлган хона тасвирланади. Хонада эса чўкиб кетишдан қутулишга уринаётган давлат раҳбари бўлади.

Барча муқовалар Time ходими Тимом О'Брайен томонидан тайёрланган. У мазкур туркум орқали Трамп олдида турган муаммоларни кўрсатишга ҳаракат қилади. Янги карикатурада кейинги пайтда президент билан содир бўлган кўплаб «ташвишли» воқеаларга шаъма қилинган , дейилади таҳририят мақоласида. Улардан бири Трампнинг адвокати Майкл Коэннинг икки аёлга давлат раҳбари билан алоқалари ҳақида гапирмаслик учун пул берилганини тан олганлигидир.

Журналнинг июнь ойидаги сони муқоваси Дональд Трамп ва йиғлаётган гўдак сурати билан чиққанди. Ўша сон Америка раҳбарининг мигрантларга нисбатан сиёсатига бағишланганди.

Top