19:30 / 12.12.2018
39426
Оилавий ажримлар: калаванинг учи кимнинг қўлида?

Рўйи заминда бир никоҳ бузилганда Арши аъло ларзага келади...

Судга ажрим учун ариза топшираётган эр-хотин танлаган қарори ҳам ўзига, ҳам жамиятга, айниқса, унинг сафига энди қўшилган кичик ёшдаги фарзандининг тақдирига салбий таъсир қилишини англайди. Аммо англаш бошқа, натижа эса амалда бошқача тус олмоқда.

Оилавий ажримлар масаласи бугун ё кечанинг гапи эмас. Бу борада ёзилмаган гап, уни босиб чиқармаган газета, мавзу янграмаган кўрсатув қолмади, ҳисоб. Мутасаддилардан сўрасангиз, “лойиҳалар амалга ошириляпти, яраштириш комиссиялари ишлаяпти”дан нарига ўтишмайди. Лекин мурғак қалбнинг тирик етим бўлиши замонавий жамиятда одатий ҳолга айланиб бормоқда.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Кун.узʼга тақдим этган маълумотига кўра, 2018 йил апрель–сентябрь ойларида 18.521 нафар ажрашиш арафасида турган оилаларда турмушнинг бузилишига сабаб сифатида қуйидаги омиллар кўрсатилган:

  • 48,4 фоиз — эр-хотин ўртасидаги маиший келишмовчиликлар;
  • 17,4 фоиз — қайнона, қайнота ёки учинчи шахс, умуман бошқаларнинг оила ишига аралашуви;
  • 5,3 фоиз — бепуштлик;
  • 6,3 фоиз — моддий етишмовчиликлар, турмуш ўртоғининг ишсизлиги ва иқтисодий муаммолар;
  • 5,5 фоиз — ичкиликбозлик ва бошқа зарарли одатлар оқибати;
  • 3,5 фоиз — ички ва ташқи миграция;
  • 11,3 фоиз — бошқа турли сабаблар.

Ижтимоий тармоқда “Оилавий ажримларга асосий сабаб нима деб ўйлайсиз?” саволи билан ўтказилган кичик сўровномада ҳам тармоқнинг аксарият фойдаланувчилари урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк таъма қилиши, келинларнинг ота уйига “гап ташиши”, телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақил эмаслиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса “хўп”дан йироқлиги, диний билимдан бехабарлик, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик кабиларни санаб ўтишди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ажрашиш арафасида турган, ажрим қайд этилган оилаларнинг муаммолари бир-бирига ўхшамайди. Аммо ҳар бири ўз ечимига эга, ажримга қадар оилани сақлаб қолишнинг имконияти анча юқори бўлган.

Қайнона-қайнота билан зиддият

Ислом дини ақидасига кўра, ота-онанинг хизматини адо этиш фарзандларнинг бўйнидаги қарздир, келиннинг эмас. Падар ва волида ўрнида кўрилган қайнона-қайноталар келиннинг хизматларини эҳсон, деб қабул қилишлари, келин эса уларга хизмат қилишни шараф, деб билиши керак. Бу муносабатлар замирида келинга уй хизматчиси сифатида қараш адолатдан эмас. Шу билан бирга, куёвнинг келин қалбида ўзининг қариндошларига нисбатан юксак ҳурматни шакллантира олиши, қизнинг тарбияси асосий аҳамиятга эга.

Фарзандсизлик

БМТ аҳолишунослик фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси (UNFPA)нинг маълумотларига кўра, ёшларнинг 64 фоизи репродуктив (жинсий) саломатлик бўйича тўлиқ маълумотга эга эмас. Улар ота-онасидан ёки мутахассисдан эмас, балки ўз тенгдошларидан, интернетдан тартибсиз тарқатилаётган маълумотларга ишонади. Бунинг оқибатида никоҳдан кейинги ҳаёт ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлади ёхуд айрим масалаларга тўғри ёндашув қандай бўлиши ҳақида аниқ маълумоти бўлмайди.

Тадқиқотга кўра, ўғил болаларнинг 86 фоизи, қизларнинг эса 93 фоизи соғлом жинсий ҳаёт ҳақида кўпроқ билим олишга истак билдирган. Демак, коллеж-лицей ўқувчиларига репродуктив ҳаёт ҳақида мутахассислар томонидан маълумот берилса (стихияли тарзда йиғилиш ўтказиб, ҳисоботга ёпиштириш учун суратга тушириш мақсадида эмас, албатта), улар тинглашга тайёр. Соғлом жинсий ҳаёт қандай бўлиши, жинсий балоғат, бепуштликка олиб келувчи сабаблар ва уларнинг замонавий ечимлари борасида тиббиёт нима таклиф этиши каби маълумотга эга бўлиш оилага тайёргарликнинг муҳим босқичидир. Жинсий муносабатлар ҳақида гапириш, муҳокама этиш уят саналган жамиятда, албатта, бу йўналишда бўшлиқнинг пайдо бўлиши яхши натижага олиб келмайди.

Ёшларнинг мустақил эмаслиги

Ҳозирда оила қуришнинг энг кичик ёши йигитлар учун 18, қизлар учун 17 ёш этиб белгиланган. Ўтказилган сўровнома натижасига кўра, 85,7 фоиз йигитлар ва 22,3 фоиз қизлар амалда 22 ёшдан кейинги никоҳни афзал кўришларини таъкидлашади. Демак, никоҳ ёшини ўзгартириш учун асос бор ва бу муҳим. Оилага қадар, ота-онанинг ўз фарзандларини фикран ва моддий мустақил қилишлари ҳам аҳамиятга эга.

Она бўлаётган келинларнинг 30 фоизи 15–19 ёш оралиғида эканлиги ҳам масаланинг энг оғриқли нуқталаридан бири. Ёш, жуда ёш онанинг уқувсизлиги натижасида ҳам оила бузилиши эҳтимоли ортади, ҳам фарзанд тарбияси катта сўроқ остида қолади.

Моддий етишмовчилик

Арабларда “Туяни қозиққа боғлаб, уни ем-хашак ва сувсиз қолдириб кетса ва туя арқонини узиб бировнинг экинидан ўтласа, айб туяда эмас, аксинча туякашда бўлади”, деган гап бор. Аслида ҳам аёлнинг, фарзандларнинг моддий таъминоти тўлалигича эр бўйнида эканлиги жамиятда қабул қилинган одатий норма. Куёвликка даъвогарлар отасининг пулига, оиласининг қудратига ишониб эмас, пешона тери, билими ва кучи билан мустақил, асосийси, ҳалол пул топиб, топганининг қадрига етадиган бўлганда “оила бошлиғи” деган номга сазовор бўлиши мақсадга мувофиқ.

Оилавий можароларнинг олдини олиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, давлат ташкилотларининг ҳам бу борадаги масъуллиги оширилган. Мисол учун, оилаларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Олий суд ўртасида меморандум имзоланган.

Унга кўра, республикамиз барча ҳудудларида ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар билан якка тартибда ишлаш йўлга қўйилди. Бундан кўзланган асосий мақсад — жиддий ўйламасдан ажрашишга қарор қабул қилган оилалар билан профилактика ўтказиш ва уларнинг фарзандлари манфаатларини ҳимоя қилишдир. Бунинг самараси ўлароқ, жорий йил давомида ажрашиш учун ариза топширган 24.053 нафар оиланинг 18.097 таси (75,2 фоизи) жамоатчилик вакиллари томонидан яраштирилди.

Аммо, ажрашиш расмийлаштирилмаган ҳолатларда, яъни сунъий тўсиқлар қўйилиши, оиланинг норасмий ажрашувга рози бўлиб, шаърий талоқ билан кифояланиб, алоҳида яшашига халақит қилмаяпти. Ваҳоланки, норасмий ажрашувлар оқибатида аёл ва фарзанднинг ҳуқуқлари қадрсизланади, “онаси ўпмаган қизга уйланган” куёвнинг бўйнидан алимент мажбурияти ҳам соқит бўлади. Ёки воқеалар ривожи йигитнинг зиёнига ишлаб, унинг кейинги турмушига ҳам салбий таъсир қилади.

Айни пайтда жойлардаги ФҲДЁ органлари қошида Оила дорилфунунлари ташкил қилиниб, уларда никоҳланувчи ёшлар учун 1 ойлик ўқув курслари ташкил қилинмоқда. Фақат шу ўринда бир савол кўндаланг бўлади: 18–20 йил давомида оилада сингдирилмаган кўникмани 1 ой ичида тушунтиришнинг имкони бормикан? Ҳар бир оилада муҳит, иқтисодий ва маънавий аҳвол турлича эканлигини назардан қочириш керак эмас.

Демак, ҳамма гап барибир ёшларнинг оила ҳақида тасаввури ва унинг атрофидаги масалаларга бориб тақалади. Калаванинг учини давлат ташкилотларининг ёинки ота-онанинг қўлига тутқазиб қўйиш эмас, чигалликни ҳамжиҳатликда ечишга уриниш керак. Турмуш қурган эр-хотин ҳам ўзларини ҳар томонлама таъминлаш масаласида, ҳам мулоҳаза юрита олишда мустақилликка эга бўлиши, нафақат ўзининг шахсий қизиқишлари, балки фарзандининг тақдири борасида ҳам масъулиятни ҳис этиши лозим.

Саодат Абдураҳмонова, 
Kun.uz журналисти.

Top