8378.04 USD +3.94

9488.13 EUR +77.32

129.09 RUB +2.91

11133.6 GBP +234.69

00:48 / 01.01.2019 33111

Булоқбошилик уч эгизакларнинг муаммолари ижобий ҳал қилинди

KUN.UZ сайти ноябрь ойи бошида ва 28 декабрь куни Андижон вилояти, Булоқбоши туманидаги уч эгизак дунёга келган оила муаммолари ҳақида мақола эълон қилган эди.   

Мазкур чиқишларда Булоқбоши тумани, “Ширмонбулоқ” МФЙ, Оқсув кўчасида яшовчи Хидировлар оиласида дунёга келган уч ўғил эгизак - Иззатбек, Исломбек ва Имронбекларга 2 ёшгача нафақа пули тайинлаб берилмаётгани  масаласи кўтарилганди.

Мақола сайтда эълон қилингач, муаммоли ҳолат мутасадди ташкилотлар томонидан ҳар томонлама ўрганилган.

Андижон вилоят хотин-қизлар қўмитаси 30 декабрь куни ўз ўрганишлари бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот жўнатди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова томонидан юборилган хатда Хидировлар оиласига зарур бўлган уй жиҳозлари, болалар озуқаси, тагликлар ҳамда чақалоқлар учун энг керакли барча маҳсулотлар заҳираси билан етказиб берилгани ҳақида маълумот берилган.

Туман хотин-қизлар қўмитаси туман ҳокимлигининг ёрдами билан Хидировлар оиласи уй-жойга муҳтожлигини инобатга олиб, уларга туманда намунали лойиҳалар асосида 2019 йилда қуриб-битказилиши кўзда тутилаётган Шариф Кенжаев массивидаги кўп қаватли уйлардан бири навбатсиз ажратилиши, ушбу уй-жойнинг бошланғич тўловини имтиёзли равишда тўлаш учун шароит яратилганини билдирди. Оила Янги йил байрами муносабати билан туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, туман молия бўлими томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган.  

Андижон вилоят прокуратурасининг ҳолат тегишли соҳа мутахассислари иштирокида ўрганиб чиқилгани ва барча муаммолар ҳал қилингани ҳақидаги  хабарида эса жумладан шундай дейилади:

“Булоқбоши тумани, “Ширмонбулоқ” МФЙ, Оқсув кўчасида яшовчи фуқаро Д.Хидированинг 28.12.2018 йилда “KUN.UZ” интернет сайтига йўллаган мурожаати Булоқбоши туман прокуратураси томонидан тегишли соҳа мутахассислари иштирокида ўрганиб чиқилди.

Хидировлар оиласи 14.06.2018 йилда туғилган 3 нафар фарзандлари учун МФЙ томонидан 2 ёшгача бола парвариши бўйича нафақа пули тайинлаб берилмаётганлигидан норозилигини билдирган.

Д.Хидирова томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.02.2013 йилдаги “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги 44-сонли қарори талаблари асосида кўриб чиқилди ва “Ширмонбулоқ” МФЙ нафақа тайинлаш махсус комиссияси томонидан ушбу оилага 2019 йил январь ойидан  бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа пули тайинланиши таъминланди”.

Бундан ташқари, вилоят Мажбурий ижро бюроси томонидан оилага бир миллион сўмлик памперс, болалар озуқа бўтқаси, бир маротабалик моддий ёрдам пули берилган. Оила бошлиғининг ойлик иш ҳақига устама пули тўлаб борилиши ҳам белгиланган.

Эгизакларнинг онаси Диёрахон Хидирова билан суҳбатлашганимизда ўзига кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканлигини билдирди.

Элмурод Эрматов, Андижон

KUN.UZ мухбири

Top