8535.74 USD +17.06

9566 EUR -86.52

132.57 RUB +1.24

10746.5 GBP -101.19

16:47 / 24.05.2019 12885

Фотожамланма: Kun.uz билан Германияга саёҳат

Германия Федератив Республикасида 2018 йилда сайёҳлар сони рекорд даража – 477,6 миллион нафарга етди, бу 2017 йилга нисбатан 4 фоизга кўп демакдир. Kun.uz мухбири Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг "UzWaterAware" лойиҳаси бўйича Германияга амалга оширган сафари доирасида олинган суратлар ва маълумотлар билан бўлишди.

Германияда ноёб табиий ва рекреацион ресурслар, миллий ва жаҳон маданий ва тарихий мероси объектлари мавжуд. Бу ерда доимий равишда турли халқаро иқтисодий, маданий ва спорт тадбирлари ўтказилади.

Кўп ҳудудларда хорижий сайёҳлар орасида машҳур бўлган салоҳиятли жозибали объектлар ва мажмуаларнинг кенг кўлами намойиш этилган.

Германиянинг 16 федерал ери ҳудудида 6 мингдан зиёд музей, 400 га яқин хусусий ва давлат театрлари, 60 мингга яқин тарихий ва маданий ёдгорликлар, 40 га яқин миллий парк ва қўриқхоналар жойлашган. ЮНЕСКО Жаҳон мероси объектлари рўйхатига 32 объект киритилган.

Аксарият тарихий ва маданий бинолар бир-бирига яқин ҳудудларда жойлашган. Сайёҳлар бир бинодан иккинчисига бемалол пиёда ҳаракатланиши мумкин.

Мамлакатда исталган тилда сўзловчи гидни топишингиз мумкин. Улар сизга тарихий ва маданий масканлардан ташқари энг ҳамёнбоп совғалар дўкони, мазали таомлар тайёрланувчи кафе ва ресторанлар, кўнгилочар масканлар ҳақидаги маълумотларни ҳам беришга тайёр.

Германия шаҳарлари йўллари сифати ва тозалигига эътибор бермасликнинг иложи йўқ - йўллар текис ва озода. (Йўллар ва инфратузилмалар қуришни улардан ўргансак, арзийди). Ҳамма жойда йўл кўрсаткичларини кўришингиз мумкин.

Рейн дарёси
Ангела Меркельнинг қароргоҳи

Мамлакат бўйлаб ҳаракатланар экансиз, қайси шаҳар бўлмасин, табиатига мафтун бўлмай илож йўқ.

 Франкфуртдан Берлин шаҳри томон кетаверишда эртакнамо кўринишга дуч келасиз, бу ерда жуда кўплаб шамол энергетикаси қурилмаларига кўзингиз тушади. Германия сўнгги йилларда тўлиқ қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш ҳақида эълон қилган.

Германия шаҳарлари ўртасида маълум бир йўлни босиб ўтганингиздан кейин кўпчилик тўхтаб танаффус қиладиган махсус дўкон ва тамаддихоналар жойлашганига гувоҳ бўласиз. Шу ернинг ўзида сайёҳларга мўлжалланган замонавий ҳожатхоналар бўлиб, уларга маълум бир тўлов эвазига кирилади. Тўлов киритилгач, дўкондан истаган маҳсулотингизни харид қилганда амал қиладиган чегирма чеки тақдим этилади ва бу мижозларни дўкондан харидни амалга оширишга ва шу тариқа сайёҳларнинг мамлакатда қолдирадиган суммасини оширишга ундовчи кичик бўлса-да, ўзига хос жиҳоздир.

Берлин девори пойтахтнинг марказий кўчалари бўйлаб тақсимланган. Уларга турфа хил расмлар чизилган.

Германиянинг барча шаҳарларида велосипеддан кенг фойдаланилади, бу ерда велосипед ижараси жуда кенг йўлга қўйилган.

Ҳар бир шаҳарда ўзига хос "қувноқ" троллейбуслар ҳаракатланаётганини кўришингиз ва улардан фойдаланишингиз мумкин.

Диққатимизни тортган яна бир ҳолат шу бўлдики, Германияда ногиронлиги бўлган кишиларнинг ҳаракатланиши учун қулай шароитлар яратилган. Яқинлари ҳамроҳлик қилаётган ногиронлиги бўлган инсонлардан ташқари, замонавий аравачаларда мустақил ҳаракатланаётганлар ҳам талайгина, зеро уларнинг жамоат транспортларига чиқиб тушишлари, бинолар ичи ва ташқарисида ҳаракатланишлари, катта йўллардан ўтишлари учун барча жиҳатлар инобатга олинган.

Дарахтларга бўлган муносабатни ҳам улардан ўрганиш мумкин, Германия кўчаларидаги дарахтларнинг атрофи махсус “ҳимоя тўсиғи” билан ҳимояланган.

Top