8535.74 USD +17.06

9566 EUR -86.52

132.57 RUB +1.24

10746.5 GBP -101.19

19:02 / 25.05.2019 7702

Германия Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун тақдим этилаётган маблағлар ҳажмини ўн бараварга оширмоқчи

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ташаббуси билан Берлин шаҳрида XII йиллик анжуман доирасида «German Water Partnership» ташкилотининг Оролбўйи минтақаси муаммолари бўйича Кўп шериклик асосидаги траст жамғармаси тақдимоти ўтказилди. Унда Ўзбекистон номидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси биринчи ўринбосари Жусипбек Казбеков раҳбарлигидаги делегация иштирок этди, дея хабар беради Kun.uz мухбири.

Жусипбек Казбеков
Фото: Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси

Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон ташаббуси ва БМТ қўллаб-қувватлаши остида тузилган Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги траст жамғармасининг мақсад, вазифа ва фаолияти, шунингдек унинг доирасидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Траст жамғармасининг асосий мақсади Оролбўйи минтақасидаги вазиятни экологик ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан яхшилаш ҳамда барқарор ривожланиш йўлидаги глобал мақсадларга эришишга доир биргаликдаги саъй-ҳаракатларни тарғиб қилиш мақсадларида халқаро ҳамкорлик ва донорлик ҳамжамияти воситалари мобиллашуви учун ягона платформа яратишдир. Шунингдек, жамғарма Оролбўйига янги билимлар, инновацион ечимлар ва технологияларни жалб қилишни мақсад қилган.

German Water Partnership, ўз ўрнида, Ўзбекистон билан сув секторини ривожлантиришда яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. Шу муносабат билан ташкилот раҳбарияти Ўзбекистонда Германия технологияларини жалб қилиш орқали тегишли лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди.

Фото: Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси

Форум доирасида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Федерал ташқи ишлар вазирлиги, Федерал иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазирлиги, Федерал экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ядровий хавфсизлик вазирлиги, Германия иқтисодиёти шарқий қўмитаси, шунингдек German Water Partnership ва бошқа қатор ташкилот ҳамда компаниялар раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ўтказишди.

Тадбирлар якунига кўра, иштирокчилар Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига оид фикр-мулоҳазалари билан бўлишишди.

"Ўзбекистон вакиллари билан мулоқот қилиш имконига эга бўлганимдан жуда хурсандман. Куни кеча вазирлигимиз делегацияси Тошкентда бўлиб, молиявий ва техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро музокаралар ўтказиб қайтди. Биз Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш учун тақдим этилаётган маблағлар ҳажмини ўн бараварга оширмоқчимиз. Бу республикадаги ислоҳотларни қўллашда, шунингдек Оролбўйи минтақасидаги вазиятни яхшилашда муҳим аҳамият касб этади", - деди Германия Федерал иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлигининг парламент давлат котиби Норберт Бартле.

Фото: Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси

German Water Partnership бошқаруви раиси ўринбосари, p2m berlin GmbH компанияси ижрочи директори Хубертус Зопперт ҳам Оролбўйи минтақаси бўйича ҳамкорликка тайёр эканини билдирди:

"Биз кўп йиллардан бери Орол денгизи муаммоси ҳақида биламиз. Менинг касбим аслида муҳандис-гидротехник бўлиб, 30 йилдан ортиқ вақт давомида бу муаммо билан танишман. German Water Partnership таркибида керакли билим ва ноу-хауга эга қатор компаниялар бўлиб, улар Оролбўйи муаммоларини ечишга ёрдам бериши мумкин. Ташкилотимиз кенг хизматлар кўламини таклиф қилувчи ва мамлакатингизни қўллаб-қувватлашга тайёр компанияларни бирлаштиради. Кўп йиллик тажрибамизга таяниб, сув-экология йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун катта имкониятлар борлигини таъкидламоқчиман. Ишончим комилки, томонлар истаги ва ҳамкорликка тайёрлиги билан ҳар қандай муаммонинг ечимини топиш мумкин".

German Water Partnership 2008 йилда ГФР ҳукумати ташаббуси билан ташкил топган бўлиб, сув хўжалиги масалалари билан шуғулланувчи 350 дан ортиқ компанияни бирлаштиради. Ташкилот ўз фаолияти доирасида Германия вазирлик ва идоралари, шунингдек турли ихтисослашган муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Top