8535.74 USD +17.06

9566 EUR -86.52

132.57 RUB +1.24

10746.5 GBP -101.19

22:44 / 10.06.2019 10330

Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида ЕТТБнинг филиалларини очиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар берди. 

“Учрашувда амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, жумладан, мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини ва кредитларни ўзлаштиришни тезлаштириш, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантиришга кўрсатилаётган кўмакни кенгайтириш масалалари батафсил кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.

Сума Чакрабарти Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистон билан кўп қиррали шерикликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва давом эттириш борасида интилиши қатъий эканини таъкидлади.

Хабарда қайд этилишича, ЕТТБнинг Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси фаол ишламоқда, унинг Андижон шаҳрида ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида филиалларини очиш режалаштирилган.

Ўтган йил октябрь ойида банкнинг Ўзбекистон бўйича мамлакат стратегияси қабул қилинганди. ЕТТБ экспертлари кўмагида Ўзбекистоннинг энергетика, банк ва молия соҳалари, капитал бозорини ривожлантириш ва республикада рақобат муҳитини яхшилаш бўйича ислоҳотлар ишлаб чиқилмоқда ва амалга оширилмоқда.

Қиймати жами 600 миллион доллардан зиёд кредит маблағларини жалб этган ҳолда республика ҳудудларида энергетик ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш бўйича устувор инвестиция лойиҳалари тайёрланмоқда. Хусусий сектор лойиҳаларига 100 миллион доллардан зиёд инвестиция киритилди.

Бундан ташқари, умумий қиймати 800 миллион долларга яқин бўлган ижтимоий аҳамиятга эга истиқболли дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Top