8535.74 USD +17.06

9566 EUR -86.52

132.57 RUB +1.24

10746.5 GBP -101.19

15:39 / 10.06.2019 34601

Қозоғистон сайловдан кейин: Намойишлар ва қўлга олишлар давом этмоқда

AP / Scanpix / LETA

Қозоғистон президентлиги сайлови натижаларидан норози бўлган кишилар Олмаотадаги «Астана» майдонига тўпланди. Полиция акция иштирокчиларининг 100га яқин вакилини қўлга олди.

Ҳозирда майдон ва унинг яқинидаги хиёбон полициячилар, махсус отрядлар жангчилари ва Миллий гвардия ҳарбийлари томонидан ўраб олинган. Барча йўналишларда патрул машиналари навбатчилик қилмоқда.

Қўлга олинганлардан бири автобусда ўз томирини кесган.

Полициячиларнинг сўзларига кўра, автобусда олиб кетилаётган аёллардан бири сумкасидан писка олиб, вена томирини кесиб юборган. Автобус тўхтатилган, тез тиббий ёрдам машинаси чақирилган. Аёл ҳушидан кетган, у шифохонага олиб кетилган.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда ҳам оммавий равишда қўлга олиш ишлари давом этмоқда. Айни вақтда «Жастар» майдони ўраб олинган.

9 июнь куни Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Бу сайлов 2019 йил мартида 30 йилга яқин вақт давомида мамлакатни бошқарган Нурсултон Назарбоев лавозимини тарк этганидан кейин белгиланганди. Унинг ўрнига Қозоғистон Сенати раиси Қосим-Жўмарт Тўқаев вақтинчалик президент сифатида мамлакатни бошқаришга киришганди. Ҳукуматдаги партия - «Нур Отан» Тўқаевнинг номзодини президентлик учун илгари сурди.

Сайлов куни Олмаота ва Нур-Султонда юзлаб кишилар норозилик намойишларига чиқишди: улар сайлов натижалари олдиндан маълум эканини иддао қилиб, демократияга зид сайловни бойкот қилишга чақиришди. Қозоғистон ИИВ маълумотига кўра, полиция биринчи куни митингларда қатнашган 500дан ортиқ кишини қўлга олди.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловларда 70 фоиздан ортиқ овоз олган Қосим-Жўмарт Тўқаев ғолиб чиқди.

Фото: GETTY IMAGES

ЕХҲТ кузатув миссияси раҳбари Георгий Церетели маълум қилдики, Қозоғистондаги президентлик сайловларида эркинлик асослари бузилиши ҳолатлари қайд этилган.

«Қайд этиш керакки, кеча йирик шаҳарларда ўтказилган тинч намойишлар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бостирилди ва кўплаб кишилар қўлга олинди. Бундай воқеалар ҳукумат мавқейига путур етказади, ҳаддан ортиқ қаттиққўллик мамлакат обрўсига таъсир қилиши мумкин», деди Церетели Нур-Султондаги матбуот анжумани вақтида.

Vesti.kg маълумотига кўра, қўлга олинганлар орасида маҳаллий журналистлар ҳам бор. Vlast.kz порталининг ёзишича, ушбу нашр оператори Екатерина Суворова, «Озодлик» журналисти Петр Троценко ва политолог Димаш Алжанов қўлга олинган.

Vlast.kz нашри 9 июнь куни пойтахтда ва Олмаотада қўлга олинганларнинг тақдири номаълумлигича қолаётганига эътибор қаратган. Ҳуқуқ тартибот органлари ва суд изоҳ беришдан бош тортмоқда, ҳуқуқ фаоллари ва адвокатларга картина тўлиқ маълум эмас.

Top