14:35 / 18.07.2019
13996
Сенат: Чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2019 йилнинг биринчи ярмида бажарилиши лозим бўлган топшириқларнинг иккитадан биттаси бажарилмаган
Фото: senat.uz

2019 йил 18 июль куни Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида ҳамда йил давомида амалга оширилиши белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши масаласи эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, давлат қўмитаси томонидан 2019 йилнинг биринчи ярмида бажарилиши лозим бўлган топшириқларнинг иккитадан биттаси бажарилмаган.

Давлат қўмитасига амалдаги қонунчиликни халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда хатловдан ўтказиш ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш юкланган. Соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни Ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш бутунжаҳон ташкилотининг стандартларига тўлиқ мослаштириш мақсадида Биологик хавфсизлик бўйича ҳамкорлик дастури доирасида Халқаро эпизоотик бюро (ХЭБ) экспертларини жалб қилиш юзасидан келишувга эришилган. Бироқ халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда хатловдан ўтказиш ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ишлари якунига етказилмаганлиги сабабли топшириқ ижроси белгиланган муддатида бажарилмаган.

Бундан ташқари, йил давомида бажарилиши белгиланган вазифалар ижро этилмоқда. Хусусан, чорвачиликда озуқа базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида ғалладан бўшаган майдонларга жорий йилнинг июнь-июль ойларида такрорий экин сифатида 230,9 минг гектар маккажўхори экилиши режалаштирилган бўлса-да, 5 июль ҳолатига 96 минг 448 гектар майдонга экилган.

Шунингдек, паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик соҳаларида белгиланган вазифалар ҳам қисман бажарилгани қайд этилди. Хусусан, ҳудудларда чорвачилик фермер хўжаликлари ва аҳоли уйларидаги ҳайвонларга кўрсатиладиган ветеринария хизматларини яхшилаш мақсадида 20 та ветеринария участкасини контейнер шаклида қуриш ишлари давом эттирилмоқда.

Бундан ташқари, ветеринария участкаларида фаолият юритаётган ходимларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун мототранспорт воситалари ва велосипедлар харид қилиш учун тегишли маблағлар жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигига режалаштирилган.

Мажлисда аниқланган камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди. Жумладан, паррандачилик соҳасида белгиланган лойиҳаларни амалга оширишда ҳамда балиқчилик соҳасини интенсив ривожлантиришда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда хорижий инвестицияларни жалб қилиш чораларини кўриш лозимлиги таъкидланди.
 

Top