9061 USD +179.00

10092.1 EUR +163.84

138.47 RUB +2.09

10926.7 GBP +151.91

11:27 / 08.08.2019 15465

ИИВда ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Пўлат Бобожонов байрам кунлари хавфсизлик чораларини кўриш юзасидан топшириқлар берди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида жорий йилнинг 1-ярми якунига бағишланган навбатдаги Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда биринчи ярим йилликда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тезкор-хизмат фаолияти натижалари ҳамда келгусидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, йиғилишда ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўзга чиқиб, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли осойишталигини таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилганлиги натижасида ўтган ярим йилда республика бўйича умумий жиноятчилик 32,1 фоизга камайганини қайд этди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Эришилган ижобий натижалар билан бирга, айрим ҳудудий ички ишлар органлари томонидан жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида камчиликларга йўл қўйилаётганлигига эътибор қаратди. Мавжуд камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларни аниқлаб, улар билан таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан мутасадди ходимларга аниқ топшириқлар берди.

Шунингдек, йиғилишда ички ишлар вазирининг ўринбосарлари томонидан шу йилнинг иккинчи чораги мобайнида ҳудудий ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари бўйича ҳисоботлари тингланди. Унда баъзи ҳудудий ички ишлар органларида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги йўл қўйилган камчиликлар танқид қилиниб, келгусида уларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Кун тартибига қўйилган кейинги масалада ички ишлар органлари ходимлари хизмат интизомига қатъий амал қилган ҳолда халқ манфаатлари устуворлигини таъминлаш ва фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида ва сифатли жавоб қайтариш кераклиги, шунингдек ҳар бир раҳбар ходим ўз вазифасига янада масъулият билан қараб, фаолиятини танқидий кўз билан баҳолаши кераклиги алоҳида қайд этилди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Йиғилишда, яқинлашиб келаётган муборак Қурбон ҳайитини ва Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ушбу байрамларни ўтказиш даврида республика ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифалар хусусида ҳам сўз борди. Унда байрам тадбирлари ўтказилаётган ҳудудларда, жамоат жойларида, ташкилот ва корхоналарда турли кўнгилсизликларни олдини олиш мақсадида мутасадди раҳбарларга барча хавфсизлик чораларини кўришлари юзасидан топшириқлар берилди, дейилади хабарда.

Top