08:02 / 15.10.2019
1
9252
Транспорт вазирлиги ўз ваколатини суиистеъмол қилган инспектор ҳақида маълумот берди
Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Транспорт вазирлиги инспектори томонидан хизмат вазифасини бажариш вақтида ўз ваколатини суиистеъмол қилганлиги акс этган видеотасвирлар тарқалди.

Вазирлик хабарига кўра, мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида махсус ишчи гуруҳи тузилиб, хизмат текшируви ўтказилди. Ўрганишлар давомида маълум бўлишича, жорий йилнинг 7 октябрь куни Тошкент шаҳар, Бектемир тумани ТҲАЙ кўчасида ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахсларни аниқлашга қаратилган қўшма рейд тадбири давомида ЙПХ нозири томонидан “Ласетти” русумли транспорт воситаси тўхтатилган.

Тошкент шаҳар транспорт бошқармасининг автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими 1-тоифали инспектори А.Х. транспорт воситасида Фарғона вилоятига кетаётган йўловчилар билан олиб борган суҳбати давомида, йўловчи талабига кўра шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатмай, аксинча йўловчидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишини талаб қилиб, қўпол тарзда йўловчини сўроққа тортган ва транспорт воситасидан чиқишни талаб қилган. Ушбу ҳаракати билан инспектор А.Х. ўз ваколатини суиистеъмол қилган. 

Ишчи гуруҳи томонидан Тошкент шаҳар транспорт бошқармасида ўтказилган тадбирда инспекторлар биринчи навбатда йўловчи ташиш фаолияти қонунийлигини, хавфсизлигини таъминлаши ҳамда йўловчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиши лозимлиги таъкидланиб, юқоридаги каби ахлоқсиз ҳолатларнинг келгусида такрорланишининг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди, дейилади хабарда.

Юқорида рўй берган ҳолат юзасидан 1-тоифали инспектор А.Х.га нисбатан “ҳайфсан” эълон қилинган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top