16:22 / 25.10.2019
5
79332
IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш учун нималарни билиш зарур?
Фото: Pixabay

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кирилаётган ҳамда ишлаб чиқарилаётган мобил ускуналарни рўйхатдан ўтказиш тартиби тасдиқланди.

IMEI орқали ускуналарни рўйхатдан ўтказиш тизими апрель ойидан ишга туширилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган фикр ва изоҳларга қараганда, Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилиги учун IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш тартиби ноаниқлигича қолмоқда, деб ёзмоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

Жисмоний шахслар учун рўйхатдан ўтказиш автоматик равишда амалга оширилади

Ҳозирда барча мобил ускуналар мобил алоқа операторларининг тармоқларига уланиш орқали бепул, автоматик равишда рўйхатдан ўтказилмоқда. Рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ 1 декабрдан кучга кирадиган янгиликлар фақат импортёрлар ва ишлаб чиқарувчиларга тегишли. Жисмоний шахслар учун ҳеч нарса ўзгармайди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон фуқаролари фойдаланаётган ва роумингдаги ускуналар автоматик равишда рўйхатга олинган ҳамда қайта рўйхатга олиниши шарт эмас. 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонга янги телефонларни олиб кираётган тадбиркорлар рўйхатдан ўтказиш учун мустақил равишда тўлов киритадилар. Аввал фойдаланилган ёки янги телефон сотиб олаётган жисмоний шахслар харид олдидан фақат IMEI кодининг рўйхатга олинганлигини аниқлашлари ва унинг мақомини www.uzimei.uz сайти орқали текшириб олишлари керак бўлади. Таъкидлаш лозимки, IMEI кодининг рўйхатга олиниши унинг эгасининг исмига боғлиқ бўлмаслиги сабабли, телефон сотилишида ҳеч қандай муаммо туғилмайди. Яъни ушбу янгилик фойдаланилган ускуналарнинг олди-сотдисига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Бироқ, янги телефон харид қилинишидаги каби, фойдаланилган телефон харидида ҳам харидорлар IMEI кодининг рўйхатга олинганлигини аниқлашлари ва унинг мақомини текшириб олишлари лозим. Агар телефон рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, 30 кун ичида ўчирилади. Кунлар ҳисоби телефоннинг илк бора тармоққа уланган вақтдан бошланади. Бундай ҳолда жисмоний шахс телефонни мустақил равишда рўйхатдан ўтказа олмайди. Таъкидлаш лозимки, алоқа операторини ўзгартиришда ҳам ҳеч қандай қўшимча ҳаракатлар талаб этилмайди.

Ушбу янгиликнинг моҳияти

Қарорда келтирилишича, ушбу ўзгаришнинг сабаби мобил ускуналар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ускуналардан ноқонуний фойдаланишнинг ва сифатсиз ускуналар сотилишининг олдини олишдан иборат.

Қарорга мувофиқ, тизим оператори мобил алоқа операторидан зарур техник ахборотларни, шу жумладан, ускуна ишлаши, тармоқдаги фаоллиги, реал вақт режимида амалга оширилган операциялар ҳақидаги ахборотларни олиш учун сўров бериши мумкин.

Ҳужжатда келтирилган маълумотларга кўра: “Давлатнинг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини таъминлаш ҳамда ўта муҳим ижтимоий-сиёсий чора-тадбирларни ўтказишда Тизим оператори ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг сўрови бўйича мобил қурилмалар ишини мажбурий тўхтатиб туриш ва қайта тиклашни амалга оширади”.

Чет элдан буюртма қилинган телефонни қандай рўйхатдан ўтказиш лозим?

Агар жисмоний шахс телефонни хорижий давлатдан буюртма қилиб келтирса, телефон эгаси мустақил равишда уни рўйхатдан ўтказади ва тўлов киритади. Бунинг учун алоқа почта бўлими ёки Uzimei офисига шахсан бориши талаб этилади. Ўзи билан телефон, паспорт ва почта идентификаторининг штрих коди ва календарь штемпели бўлган конверт тақдим этилган ҳолда амалга оширилади. Анкетани кўриб чиқиш ва рўйхатдан ўтказиш уч иш соатида амалга оширилади, қўшимча 1 соат тўлов учун ҳисоб чиқиш, яна бир соат IMEI коднинг “оқ” рўйхатга киритилиши ва рўйхатга олиш якунига етганлиги ҳақида хабарнома учун керак бўлади.

Чет эл фуқаролари учун тартиб қандай?

Чет эл фуқаросининг маҳаллий мобил алоқа операторининг SIM-картаси ўрнатилган мобил қурилмаси дастлабки муваффақиятли тармоқ ҳодисасидан 30 календарь куни давомида рўйхатга олинмасдан фойдаланиши мумкин ва кўрсатилган муддат тугаганидан кейин рўйхатга олинмаганда сайёҳ мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш чекланиши тўғрисида хабардор қилинади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 30 календарь кундан ортиқ бўлган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — жисмоний шахслар учун мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатга олиш тартибига мувофиқ тизим оператори ёки рўйхатга олувчисига ўзи келиб мурожаат этиш орқали рўйхатдан ўтказишлари зарур. Бунда чет эл фуқаролари учун тўлов ҳозирда 202730.0 сўм бўлган БҲМ нинг 20 фоизини ташкил қилади. Чет эл фуқароси учун паспорт ва мобил қурилма етарли, штрих-кодли конверт зарур эмас.

Импортёр ва ишлаб чиқарувчилар учун маълумот:

1 ноябрдан бошлаб ишлаб чиқарувчилар ва импортёрлар оператор ёки тизим рўйхатга олувчисига мурожаат қилишлари мумкин. 1 декабрдан эса ушбу хизмат пуллик бўлади.

Импортёр ёки ишлаб чиқарувчи қурилма IMEI-кодини қандай қилиб рўйхатдан ўтказади?

Импортёр ва ишлаб чиқарувчилар учун рўйхатга олиш жараёни автоматик бўлмайди. Улар тизим операторига шахсан келишлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рўйхатдан ўтказишлари лозим. Батафсил маълумотни 1170 телефони орқали олиш мумкин.

Рўйхатга олиш харажати қандай?

1 декабрдан IMEI кодларини рўйхатга олиш пуллик бўлади. Импортёр ҳар бир қурилма учун 25 минг сўм, маҳаллий ишлаб чиқарувчи 20 минг сўм тўлайди. Мустақил равишда рўйхатдан ўтказувчи жисмоний шахс ҳам 20 минг сўм тўлайди, бироқ ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса, божхона қийматидан 100 фоиз тўлов киритиши шарт бўлади. Импортёр ва ишлаб чиқарувчилар фақатгина ҳужжатларни тўлиқ тақдим этса, қурилмаларни рўйхатдан ўтказа олади.

Чет элликлар учун илк бора тармоққа улангандан кейин 30 кун ичида рўйхатга олиш бепул.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top