22:31 / 01.02.2020
5
12949
Сўнгги 2 йилда 56 минг гектар ер ҳокимликлар томонидан ноқонуний ажратилган – Бош прокуратура

1 февраль куни Бош прокуратурада Ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Бош прокуратура хабарига кўра, йиғилишда эгалик қилиш, доимий ва вақтинчалик фойдаланиш учун ер ажратиш ва ижарага беришда жиддий қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганига оид рақам ва мисоллар келтирилган.

«Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маърузасида, сўнгги икки йилда 56 минг гектар ер майдони ҳокимликлар томонидан ноқонуний ажратилганлигини кўрсатиб, мутасадди раҳбарлардан қонун талабларига қатъий риоя этиш талабини қўйди», – дейилади расмий пресс-релизда.

Маълум бўлишича, 2019 йилда республика бўйича 83 та ҳолатда 112 гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер сифатида ажратиб юборилган.

Мисол учун, Жарқўрғон туманида 1,5 гектар суғориладиган экин майдони ғишт цехи қуриш, Тошкент туманида 20 сотих майдон савдо мажмуаси қуриш учун шундай йўл билан қонунга зид ажратиб берилган.

Сўнгги 2 йилда ер сотиш, талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 473 та жиноят иши қўзғатилиб, 543 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу жиноятларнинг 71 тасини порахўрлик, 354 тасини фирибгарлик, 37 тасини сохтакорлик каби қилмишлар ташкил этади. 

Ўтган икки йилда ҳокимликларнинг 23 нафар, архитектура ва қурилиш идораларининг 14 нафар ходимлари ер билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.

Мисол учун, Арнасой тумани ҳокими ўринбосари тадбиркорга паррандачилик комплекси учун ер ажратиш эвазига 13 минг АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 3 минг АҚШ долларини олганда қўлга олинган.

Ер ажратиш эвазига Урганч тумани ҳокими ўринбосари 5 млн. сўм, Хива шаҳри ҳокими ўринбосари 2 минг АҚШ доллари, Чуст тумани ҳокими ўринбосари 2.000, Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари 6.000, Навбаҳор тумани ҳокимининг ўринбосари 11 минг АҚШ доллари пора олганлиги учун жавобгар бўлган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top